Азон намоз вақти киргани ҳақида хабар берувчи, намозга чорловчи чақириқдир. Кундалик беш вақт намоз ва жума намозлари учун азон ва иқомат айтиш таъкидланган суннатдир. Ҳанафий мазҳабида намоздан олдинги азон ва иқоматни фақат эркаклар айтадилар. Қазо бўлган (вақтида ўқилмаган) фарз намозларининг ўрнини тўлдириш учун ўқилаётганда, кетма-кет (бир вақтда ўқилаётган) бир нечта қазо намозга битта азон кифоя қилади.

Азон намоз вақти кирганидан кейин, таҳорат билан қиблага қараб турилганида, тик турган ҳолда икки қўл кўрсаткич бармоғини қулоқ ичига қўйиб баланд овоз билан, дона-дона қилиб айтилади. Муаззин «Ҳаййа ъалас-солаҳ» калимасида бошини ўнг тарафга, «Ҳаййа ъалал-фалаҳ» калимасида чап тарафга буради. Азон бундай айтилади:

  1. Тўрт марта «Аллоҳу акбар» ("Аллоҳ буюкдир") дейилади;
  2. Икки марта «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ» ("Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман") дейилади;
  3. Икки марта «Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ» ("Муҳаммад — Аллоҳнинг расули эканлигига гувоҳлик бераман") дейилади;
  4. Икки марта «Ҳаййа ъалас-солаҳ» ("Намозга шошилинглар") дейилади;
  5. Икки марта «Ҳаййа ъалал-фалаҳ» ("Нажотга шошилинглар") дейилади;
  6. Азон бомдод намози учун айтилаётган бўлса, шу жойда икки марта «ас-солату хойрум минан-навм» ("намоз уйқудан афзал") калимаси қўшиб айтилади.
  7. Икки марта «Аллоҳу акбар» ("Аллоҳ буюкдир") дейилади;
  8. Бир марта «Лаа илааҳа иллаллоҳ» ("Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ") дейилади.

Иқоматнинг ҳамма калималари азонникидек бўлиб, фақат икки марта «Ҳаййа ъалал-фалаҳ» ("Нажотга шошилинглар") дейилганидан кейин икки марта «Қод қоматис-солаҳ» ("Намоз бошланди") деб айтилади. Иқомат фарз намозлари бошланиши олдидан бевосита, тезлатиб айтилади. Қазо намозларининг ҳар бири учун алоҳида иқомат айтилади.

Азонни эшитган киши қилаётган ишидан, масжиддан бошқа тарафга юришдан, гапиришдан тўхтайди. Муаззиннинг ортидан азон калималарини айтиб туради. Муаззин «Ҳаййа ъалас-солаҳ», «Ҳаййа ъалал-фалаҳ», деганида «Лаа ҳавла валаа қуввата иллаа биллаҳил ъалиййил-аъзийм», дейди. Сафарда ва жомеъ масжидларида азон ва иқоматни тарк қилиш макруҳ. Шаҳар ичидаги хонадонларда уларни тарк этиш макруҳ эмас. Жунуб кишининг азон ва иқомат айтиши, ақлдан озган, фосиқ, маст, таҳоратсиз кишилар, ақлсиз болалар ва аёлларнинг азон айтишлари макруҳдир. Жума намози учун айтиладиган иккинчи азондан бошқа азонларни масжид ичида туриб айтиш ҳам макруҳдир. Ҳайит намозлари, жаноза намози, нафл намозларига азон ҳам, иқомат ҳам айтилмайди. Азон ва иқомат ўртасида тўрт ракат намоз ўқишга етадиган вақт бўлиши афзал. Фақат шом намозининг вақти қисқалиги учун азондан кейин тезда иқомат айтилади (бунда ҳам уч оят ўқишга етадиган вақт ўтишини кутиш керак).

Азон айтиб бўлингач, ушбу дуо ўқилади: «Аллоҳумма, Робба ҳаазиҳид-даъватит таамма, вас-солаатил қоима. Аати саййидана Муҳаммаданил васийлата вал фазийла, вабъасҳу мақомам-маҳмууданиллазий ваъадтаҳ. Иннака ла тухлифул миъад.».

Азонни эшитган киши азон айтиб бўлингач, ушбу дуо ўқийди: «Аллоҳумма, Робба ҳаазиҳид-даъватит таамма, вас-солаатил қоима. Аати Муҳаммаданил васийлата вал фазийла, вабъасҳуллоҳуммал мақомам-маҳмууданиллазий ваъадтаҳ. Иннака ла тухлифул миъад.».