Намозда умумий ҳисобда ўн иккита фарз бор. Шулардан олтитаси намоздан ташқарида бўлиб, улар билан намоз содир бўлганлиги учун "намознинг шартлари", дейилади. Қолган олтита фарз намоз ичида бўлиб, улар "намознинг рукнлари"дир.

Намознинг шартлари бўлган фарзлар:

  1. Баданнинг пок бўлиши;
  2. Кийимнинг яроқли бўлиши (бу тозалик ва авратларни ёпа олиш билан бўлади);
  3. Намоз ўқиладиган жойнинг тоза бўлиши;
  4. Намоз вақтининг кирган бўлишлиги;
  5. Намозда қиблага юзланиб туриш;
  6. Ният қилиш.

Намознинг рукнлари бўлган фарзлар:

  1. Такбир ("Аллоҳу акбар") айтиб намозга кириш;
  2. Туриш ("Қиём");
  3. Қироат (Қуръондан маълум қисмни ўқиш);
  4. Рукуъ (тиззага таяниб энгашиш);
  5. Сажда (икки марта пешонани ерга текизиш);
  6. Охирги қаъда (ўтириш)

Фарзлардан кейинги ўринда намоздаги вожиб амаллар туради. Булар:

  1. Фарз намозларда камида икки ракатда, қолган намозлардаги ҳамма ракатларда Фотиҳа сурасини ўқиш;
  2. фарз намозларининг аввалги икки ракатида, вожиб, суннат, нафл намозларининг ҳар бир ракатида Фотиҳа сурасидан сўнг Қуръон сураларидан бирини ёки энг камида учта оятни зам қилиш, яъни қўшиб ўқиш;
  3. бир намозда такрорланадиган сажда ва рукуъ каби намоз рукнларини ўз ўрнида тартиб билан бажариш;
  4. уч, тўрт ракатли намозларнинг иккинчи ракатидаги ўтиришда ва намоз охиридаги ўтиришда ташаҳҳуд. яъни «Аттаҳиййат»ни ўқиш;
  5. намоз охирида «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ», дея салом лафзи билан чиқиш;
  6. саждада бурун ва пешонанинг баравар ерга тегиб туриши;
  7. витр намозининг охирги ракатида «Қунут дуоси»ни ўқиш;
  8. Рамазон ва Қурбон ҳайити намозларининг ҳар ракатида учтадан қўшимча такбир айтиш;
  9. уч ва тўрт ракатли фарз намозларининг аввалги икки ракатида зам сура қироат қилиш;
  10. рукуъда, саждада, қовмада ва жалсада аъзоларнинг таскин топиши;
  11. намоздаги вожиб амаллардан бирортаси эсдан чиқиб тарк қилинса, саждаи саҳв қилиш;
  12. имом намозга ўтганда овоз чиқариб ўқиладиган намозларни жаҳрий, овоз чиқармай ўқиладиган намозларни эса махфий ўқиши.

Намознинг суннатлари:

  1. Такбири таҳримада қўл бармоқларини ўз ҳолатида ушлаб қулоқларнинг юмшоғи баробарида кўтариш, кейин киндик остига боғлаш;
  2. Санони такбирдан кейин ўқиш;
  3. «Сано»дан сўнг «Аъуузу биллаҳ» ва ҳар ракатда Фотиҳадан олдин «Бисмиллаҳ...» айтиш;
  4. Фотиҳа сурасидан кейин паст овозда "Омин" дейиш;
  5. Имомнинг рукуъдан кейин «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ», иқтидо қилганларнинг эса «Роббана лакал-ҳамд» дейишлари (намозни ёлғиз ўқиганлар иккаласини ҳам айтади);
  6. Намозда рукнларнинг биридан иккинчисига ўтаётганда «Аплоҳу акбар», дейиш;
  7. Рукуъда қўл бармоқларини ёйиб, икки тиззани маҳкам чангаллаш ва камида уч марта «Субҳана роббиййал ъазийм» дейиш (бунда аёллар бармоқларини тизза устида жипс тутишади, тиззаларини бироз букишади);
  8. Саждада пешонани қўллар орасига олиш, бармоқларни жипслаб, бош бармоқни қулоқ тўғрисида ушлаш;
  9. Саждада эркакларнинг оёқлари, тиззалари, қўллари, пешонаси, бурни ерга тегиб туриши, билакларини ерга ҳам, қовурғасига ҳам теккизмай тутиши (аммо аёллар бу айтилганларга қўлларини теккизиб, йиғилиброқ сажда қилишади);
  10. Эркакларнинг чап оёқ устига ўтириши, ўнг оёғини тиклаб, бармоқларини қиблага қаратиши (аёллар эса икки оёғини ўнг томонга чиқариб, чап думбасига ўтиради);
  11. Қаъдада салавот, «Роббана аатинаа...» каби дуоларни ўқиш;
  12. Аввал ўнг, сўнгра чап томонга салом бериш;
  13. Фарз намозларини жамоат бўлиб ўқиш;

Намозда қилишга тарғиб қилинадиган амаллар қуйдагилар:

  1. Намозда эснаш ёки йўтал келиб қолса, кучи етганича қайтариб туриш.
  2. Ихтиёрсиз эсноқ келганида ўнг қўл орқаси билан оғизни бекитиш ва пайғамбарларнинг ҳеч бири эснамаганларини ўйлаш.
  3. Муқим (сафарда бўлмаган) кишининг Фотиҳа сурасидан сўнг бомдод намозида узунроқ. шом намозида қисқароқ, бошқа намозларда эса ўртачароқ сураларни ўқиши.
  4. Намоздаги зикрларни тажвид қоидаларига мувофиқ ўқиш.
  5. Саждага борганда аввал тиззани, қўлни, кейин пешонани, сўнг бурунни ерга қўйиш (саждадан бош кўтаришда шу тартибни аксинча бажариш).
  6. Саждада бармоқ ораларини зичлаш, бошни икки қўл орасига, бош бармоқни қулоқ тўғрисига қўйиш, қўл бармоқларининг учини ва оёқ панжаларини қиблага қаратиш.
  7. Саломдан сўнг юзнинг тер ва чангини артмаслик.
  8. Такбир учун қўл кўтарганда қўлни енгдан чиқариб, бош бармоқнинг юзини қулоқ баробарига кўтариш (эркаклар учун).
  9. Қиёмда қўл боғлаганда ўнг қўлнинг бош ва кичик бармоқлари билан чап қўлнинг бўғимидан ушлаб, уч ўрта бармоқни чап қўл билаги устига ётқизиб туриш.
  10. Намозни ёлғиз ўқиганда рукуъ ва саждаларда тасбеҳ миқдорини ошириб 5, 7, 9 мартадан айтиш.
  11. Уч ва тўрт ракатли рарз намозларининг сўнгги икки ракатида Фотиҳа сурасини ўқиш.
  12. Қиёмда сажда ўрнига, рукуъда оёқ бармоқларига, саждада бурунга, каъдада (ўтиришда) кўкрак қафасига қараб ўтириш.
  13. Намозда тавозеъ билан туриш.
  14. Намозга кечикиб қўшилган кишининг қолган ракатларга туриш учун имомнинг икки тарарга салом беришини кутиши.

Намоз ичида бажариш ҳаром бўлган, уларни қилиш тақиқланган амаллар:

  1. Юзни ўнг ва чап тарафга қаратиш.
  2. Осмонга қараш.
  3. Фарз намозларида узрсиз бирор нарсага суяниш.
  4. Рукуъ ва саждада қўл ва оёқ бармоқларини ердан кўтариш.
  5. Қаъдада икки оёқни тик қилиб, товон устида ўтириш.
  6. Бадани ёки кийимини кўп ўйнаш.
  7. Саломни бир тарафга бериш.
  8. Витрдан бошқа намозда «Қунут» дуосини ўқиш.
  9. Такбир, «Сано», тасбеҳ ва ташаҳҳудларни суннат бўлган миқдордан ошириб ўқиш.
  10. Вожиблардан бирортасини атайлаб, қасддан тарк этиш.

Намозда қилишга рухсат берилган, қилганда савоб ҳам, гуноҳ ҳам бўлмайдиган амаллар қуйидагилар:

  1. Юзни бурмай, кўзнинг назари билан ҳараш.
  2. Сажда қилинеадиган ўрнини бир марта қўл билан супуриб юбориш.
  3. Илон, чаён каби зараркунандаларни ўлдириш.
  4. Қироатга тўсқинлик қилмайдиган бирор нарсани оғизда ушлаб туриш.
  5. Нафл (ихтиёрий) намозларида ҳар ракатда бир сурани такрор қилиш.
  6. Нафл (ихтиёрий) намозларида узрсиз бирор нарсага суяниб туриш.
  7. Имом янглишганда ортида турганлар такбир ёки тасбеҳ айтиб янглишганини унга билдиришлари.
  8. Намоз ўқиётганнинг олдидан одам ўтса, тасбеҳ айтиб намозда эканини билдириши.

Намозда қилинишидан қайтарилган амаллар:

  1. намозда хушуъсиз, бепарволик билан бажарилган ҳар бир амал;
  2. намоз ўкувчи кишининг ибодат пайтида саждаси учун халакит берадиган майда тошларни суриб ташлаши (бир мартз суриш мумкин);
  3. агар намозхон тупроққа сажда қилган бўлса, намоздан турганда пешонасини тозалаб артиши;
  4. бош кийими пешонасига тушиб сажда қилиши;
  5. эркакларнинг саждада икки қўли билагини ерга теккизиши;
  6. намоз пайтида эркакларнинг сочни турмак қилиб олиши;
  7. намоз ўкувчи кийимини осилтириб ёки елкасига ташлаб ёхуд йиғиштириб, енгни шимариб олиши;
  8. қавмга имом бўлувчи кишининг қавмдан фарқли даражада баландда туриши;
  9. намоз ўқувчининг сафда бўш жой бўлатуриб, кейинги сафда туриши;
  10. намозхоннинг орқа тарафидан бошқа жойларда, кийимида, саждагоҳида ҳайвонот сурати бўлиши (сурат жуда кичик ёки боши ўчирилган бўлса, мумкин);
  11. эски иш кийими билан намоз ўқиш;
  12. намоз ўқиётган пайтда қироатини ва тасбеҳларини қўли билан санаб туриш.

Намоз ўқувчи қуйидаги ишларни бажарганида, ўқиб турган намози бузилади ва бу намозни қайтадан ўқийди:

  1. Намозда гапириш (бу атайлаб, қасддан ёки адашиб содир бўлгани аҳамиятсиз).
  2. Кишига салом бериш.
  3. Саломга алик олиш.
  4. Узрсиз томоқни қириш, узрсиз йўталиш.
  5. «Уф, оҳ» каби товушлар чиқариш.
  6. Оғриқ ёки мусибатга овоз чиқариб йиғлаш (аммо охират азоби эсга тушиб, овоз чиқариб йиғлаб юборса жоиз).
  7. Ўзи эшитадиган даражада кулиш (атрофдагилар эшитадиган даражада кулганда, таҳорат ҳам бузилади).
  8. Акса урган одамга жавоб қайтариш («Ярҳамукаллоҳ» дейиш).
  9. Саволга ёки хабарга Қуръондан оятлар билан бўлса ҳам, жавоб бериш.
  10. Бирор нарсани еб-ичиш (лабидаги, тишидаги овқатни ҳам чайнаш, ютиш мумкин эмас).
  11. Намозни жамоат билан ўқиётганида ёнидаги одамга жой бериш учун сурилиш.
  12. Қироатни Қуръони Каримга қараб қилиш.
  13. Кўрган одам «Намоз ўқимаяти» деб ўйлайдиган даражадаги амалларни.
  14. Нажосат устига сажда қилиш.
  15. Кўкракни қибладан бошқа тарафга буриш.
  16. Сажда ҳолида икки оёқ панжаларини ердан кўтариш.
  17. Қироатни маъно ўзгарадиган даражада бузиш.
  18. Намоз фарзларидан бирортасини узрсиз, қасддан қолдириб кетиш.
  19. Намознинг бир рукнида тўлиқ вақт давомида авратнинг очиқ бўлиши.
  20. Таҳоратнинг (таяммум ҳам) кетиши.
  21. Бомдод намозида қуёш чиқиб қолиши.
  22. Намоз ўқиб туриб ҳушидан кетиш.

Намозда турган одам бажарганида, намоз сифатини яхшилайдиган, намоз чиройли ва мукаммал бўлиши учун хизмат қиладиган амаллар бор. Масалан намозхон қиёмда тик турганида сажда қилинадиган жойга қараб туриши, намоз учун энг муносиб ва чиройли кийимларини кийиши шулар жумласидандир. Намозхонлар эътибор қилиши керак бўлган яна бир муҳим жиҳат — намозда қалбнинг ҳузур-ҳаловати ва аъзоларнинг таскин топиши билан имкон қадар хушуъни сақлаш. Бунинг учун на динга ва на охиратга фойдаси бўлмаган, беҳуда нарсалардан узоқ бўлиш керак.