«Ибодат» деб "итоат қилиш" маъносидаги, бажарилганида савоб бериладиган, ниятга боғлиқ бўлган амалга айтилади. Аллоҳнинг буйруқларини бажариш, Унинг розилиги учун намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш, ҳаж қилиш, дуо қилиш, яхшилик қилиш, Пайғамбари кўрсатмаларига эргашиш каби ишларнинг ҳаммаси ибодатдир.

Ислом динидаги энг муҳим, энг улуғ ва аҳамиятли ибодат намоздир. Қуръони каримнинг жуда кўплаб ўринларида намозга буюрилган. Намоз мусулмонликнинг асосий белгиларидан бири эканлиги айтилган. Қуйида намозга тарғиб қилувчи оятларнинг фақат айримларини келтирамиз:

«Намозни қоим қилинг, закотни беринг. Ўзингиз учун нимаики яхшилик тақдим қилсангиз, уни Аллоҳнинг ҳузурида топасиз. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир» (Бақара сураси, 110-оят).

Намозни тўкис адо этинглар. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси, 103-оят)

Албатта, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўлурлар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдовчи»дир. Улар агар намозга турсалар, дангасалик билан, одамлар кўриши учун турурлар ва Аллоҳни камдан-кам зикр қилурлар (Нисо сураси, 142-оят).

Шунингдек намознинг аҳамиятини ва унинг улкан ибодат эканлигини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кўплаб марта зикр қилганларини ҳадислардан билиб оламиз:

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом беш нарсага бино қилингандир: «Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтириш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», дедилар» (Бухорий, Муслим, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.)

Убода ибн Сомит: «Гувоҳлик бераманки, албатта, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Банда беш вақт намозни фарз вақтида, рукуъ-хушуъни жойига келтириб ўқиса, Аллоҳнинг зиммасида уни мағфират қилиш аҳди бўлади. Ким қилмаса, унга Аллоҳнинг зиммасида аҳд бўлмайди. Хоҳласа мағфират қилади, хоҳласа азоблайди», деганларини эшитганман», деди» (Имом АбуДовуд ва Насоий ривоят қилишган.)

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ бандага у ўқийдиган икки ракат намоздан афзал нарсани буюрмаган. Модомики, банда ўз намозида бўлса, унинг бошидан, албатта, яхшилик ёғилиб туради. Бандалар Аллоҳга ундан чиққан нарса* билан яқинлашганидек, бошқа нарса билан яқинлаша олмаслар» дедилар. [* - Яъни Қуръонни назарда тутдилар]». (Имом Термизий ривоят қилган)

Намоз мусулмон одам ҳаётида учрайдиган турли ҳолатларда унга паноҳ, таянч, дардлари учун малҳамдир. Суннатни ўрганиб амин бўламизки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошига бирор ташвишли иш тушганида масжидни лозим тутиб, намоз ўқишга киришар эдилар.

Намоз кишидаги иймоннинг аломатидир. Дунёда ҳаётда намоздан муҳимроқ ва жиддийроқ бирор вазифа йўқдир. Ислом динида намозни тарк этишга бирор ҳолатда рухсат берилмаган.