Беш вақт намозни ўз вақтида ўқиш «адо», узрли сабаб билан вақти ўтганидан кейин ўташ «қазо» дейилади. Узрли сабаб билан вақтида ўқилмаган фарз ва витр намозларининг қазоси ўқилади. Жума, ҳайит (ийд), жаноза, суннат намозларининг қазоси ўқилмайди. Фақат бомдод намозининг суннати ўша куни тушгача фарзи билан бирга ўқилади. Фарз намозларини ўз вақтида ўқиш қатъий лозимдир. Ким намознинг вақтини узрсиз ўтказиб юборса, гуноҳи кабиралардан бирини қилиб қаттиқ гуноҳкор бўлади. Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинади: «Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир» (Нисо сураси, 103- оят). Аммо баъзи узрлар сабаби билан намоз қазо бўлиши мумкин. Бу узр икки хил бўлади: 1. Қазоси ўқилмайдиган узрлар:

  1. ҳайз ва нифос кўрган аёллар намозни тарк қилишади, пок бўлишгандан кейин ҳам қазо бўлган намозларини ўқишмайди;
  2. камида олти вақт намоз муддатида ҳушидан кетиб, ўзига келмаган ҳам ўзига келгач, қазо бўлган намозларини ўқимайди. Лекин бундан кам фурсатда ўзига келса қазо бўлган намозларини ўқиш унга вожиб бўлади.

2. Қазоси ўқиладиган намозлар: Ухлаб қолиш, эсидан чиқиш, ғафлатда қолиш, бошини ҳам қимирлата олмайдиган даражада касал бўлиш каби узрлар билан намоз ўз вақтида адо қилинмаса, унинг қазосини ўқиш вожиб бўлади. Қазо намозларини ўқишни беузр кечиктириш жоиз эмас. Ризқ топишга ҳаракат, фарз илмларини талаб қилиш, ўта оч қолган кишиларнинг овқатланиб олиши, ниҳоятда чарчаган кишининг ухлаб олиши кабилар казо намозларини кечиктиришнинг узрлари ҳисобланади.

Нафл намозларининг ўрнига казоларни ўқиш афзалдир. Лекин суннати равотибларни тарк қилмаган маъкул. Агар қазони кечиктириш беузр бўлса, ўша қазони ўқимагунча ундан гуноҳ кўтарилмайди. Худди намоз ҳам тавбасиз қабул бўлмаганидек, намозни қазо қилган кишига ҳам тавба лозим бўлади. Тавбанинг шартларидан бири гуноҳни тарк қилиш эди. Қазо намозларини узрсиз ўқимай юрган киши гуноҳни тарк қилмаётган тавба қилувчига ўхшайди. Демак, унинг тавбаси мақбул эмас.

Шариатда «аҳли тартиблар» деган мартабадаги инсонлар бўлиб, улар витрдан ташқари олти вақт намозни кетма-кет қазо қилмаган бўлишади. Шулар қазо намозларини ўқимоқчи бўлишса, тартибга риоя қилишлари керак. Мисол учун, аҳли тартиб киши бомдод, пешин, аср, шомни узр билан қазо қилиб қўйган бўлса, аввал бомдодни, кейин пешинни, ундан сўнг асрни, кейин эса шомни ўқиши вожиб бўлади ва ҳоказо. Агар бомдоднинг қазосини ўқимай, пешиннинг қазосини ўқиса, пешин бузилади ва бомдоднинг қазосини ўқигач, яна пешинни қайтадан ўқиши вожиб бўлади. Аҳли тартиб витрга ҳам риоя қилади. Яъни унга витрни ўқимасдан бомдодни ўқиши дуруст эмас. Аммо, қачонки, қазо намозларининг сони витрдан ташқари олти вақтга етса, энди у кишидан тартибга риоя қилиш вожиблиги соқит бўлади. Шунда ҳам тартиб билан қазоларни ўқиса маъқул, лекин хоҳлаганини олдин, хоҳлаганини кейин ўқишига ихтиёри бўлади.

Агар киши қанча қазо қилганининг ададини билмаса, гумони ғолиб бўлгунча миқдорни ҳисоблаб, ўшани ўқиш билан ўз зиммасидан қазоларни соқит қилиб қўйиши керак. Шу билан бирга, қайси замондаги намозни ўқиётганини ниятида тайин қилиб қўйиши ҳам лозим бўлади. Мисол учун, «Аввалги қолиб кетган пешин намозимни ўқишни ният қилдим» ёки «Охирги қолиб кетган пешин намозини ўқишни ният қилдим», дейди.

    Уч вақтда қазо намозларини ўқиш мумкин эмас:
  1. Қуёш чиқаётган вақтдан то бир найза бўйи кўтарилгунга қадар. Бу тақрибан ярим соатни ўз ичига олади;
  2. Қиём вақти. Қуёш тиккага келган вақтдан то ярим соат ўтгунга қадар. Бунинг тафсилоти олдин ўтган эди;
  3. Қуёш ботаётган вақтдан бошлаб то ботиб кетгунга қадар. Бу ҳам такрибан ярим соатни ўз ичига олади.

Бомдод намози билан аср намозини ўқигандан сўнг ҳам қазоларни ўқиш мумкиндир. Лекин ушбу бомдоддан кейинги ва асрдан сўнгги вақтларда мутлақ нафлларни ўқиш маъқул эмас. У нафллар хоҳ таҳийятул масжид бўлсин хоҳ таҳоратдан кейин ўқиладиган нафл бўлсин, фарқи йўқ, барибир макруҳ бўлади.