Намоз ўқишда билмасдан йўл қўйилган хатоларни тўғирловчи саждага "саждаи саҳв" дейилади. Намоздаги бирор рукн ёки амал билмасдан тарк қилинган бўлса, тартиб ўрни адаштириб қўйилган бўлса, бирор рукн эсдан чиққан бўлса бу саждани қилиш вожиб бўлади. Билиб туриб намоздаги рукнларни тарк этганлар хатолари учун саждаи саҳв қилмасдан, намозни қайтадан ўқийдилар. Саждаи саҳв қилиш — ташаҳҳуддан кейин икки томонга (жамоат намозида фақат ўнг томонга) салом бергач "Аллоҳу акбар" деб яна икки марта сажда қилади. Кейин одатдагидек ташаҳҳуд, салавот ва дуо ўқиб, иккала томонига салом беради.

Саждаи саҳв қилиш сабаблари:

  1. Намоз рукнларидан бирортаси эсдан чиққанлиги учун кечикса. Масалан биринчи ракатни ўқиб бўлгач, қайси ракат эканлигига иккиланиб ўтириб қолса. Бунда иккинчи ракатга туриш кечикиб кетганлиги учун саждаи саҳв қилинади.
  2. Намоздаги вожиб амал эсдан чиққани учун тарк қилинса. Масалан бирор ракатда фотиҳа сурасини ўқиш эсидан чиқиб қолса. Витр намозидаги қунут дуосини ўқиишни унутиш ҳам шу тартибда тўғирланади.
  3. Намоздаги вожиб амалнинг тартиби бехосдан бузилса. Масалан фотиҳа сурасидан олдин зам сурани ўқиб қўйса.
  4. Намоздаги амаллар бехосдан ошиқча бажарилса. Масалан бир марта рукуъ қилиш ўрнига икки марта рукуъ қилиб юборса.
  5. Намоздаги бирор рукн бажарилгани тўғрисида иккиланса. Агар нечи ракат ўқиганида шубҳаланиб қолса, кўнгли мойил бўлган ададни олиб, шу бўйича ўқийди. Шубҳаси икки тахминига ҳам тенг бўлса, кам сонли ракатни олиб, шу бўйича ўқийди ва намоз охирида саждаи саҳв қилади.

Қуйдаги ҳолатларда саждаи саҳв қилиши керак намозхондан соқит бўлади:

  1. Бомдод намози ўқилаётганда хато қилса, аммо бунда вақт кам бўлиб, қуёш чиқиб қолиши мумкин бўлса. Аср намозида қуёш ботиб қолиши эҳтимоли бўлса ҳам шундай.
  2. Имом жума ёки ҳайит намозини ўқишда саждаи саҳвни вожиб қиладиган хатони қилса, одатда бу намозларда жамоат кўп йиғилгани учун, уларни ташвишга қўймаслик мақсадида бу саждани тарк қилади.
  3. Жамоат намозида имом саждаи саҳвни вожиб қиладиган хатога йўл қўйса, имомга эргашиб намоз ўқиётганларнинг ҳаммаси саҳв саждасини иимом билан биргаликда бажаради. Жамоат намозида хатони имомга эргашаётган одам қилса, у ўзи қилган хатоси учун саждаи саҳв қилмайди.
  4. Саждаи саҳв қилаётган вақтида адашган намозхон, бир намозининг ичида бир нечта хато қилган намозхон ҳам фақат битта саждаи саҳв қилади. Саждаи саҳвни вожиб қиладиган бир нечта амалга битта саҳв саждаси кифоя. Саждаи саҳв эсидан чиқиб кетиб, намозини тугатган одам ҳали қибладан бурилмаган бўлса, гапириб бошқа сўз айтмаган бўлса саҳв саждасини эсга тушган вақтидаёқ қилади.