Ҳар бир мусулмоннинг зиммасига юкланган, Аллоҳ буюрган ва ўқилиши шарт бўлган намозлар «фарз намозлар» дейилади. Ҳар куни беш марта ўқиладиган намозлар (бомдод, пешин, аср, шом, хуфтон), жума намози фарз намозларидир.

Шунингдек, айрим мусулмонлар ўқиганида, бошқа мусулмонларнинг зиммасидан соқит бўладиган «фарзи кифоя» намоз — жаноза намози ҳам бор.

Вожиб намозларнинг даражаси фарз намози билан деярли бир хилдир. Вожиб намозларни инкор қилган одам фосиқ ҳукмида бўлади. Вожиб намозлар — ҳар куни хуфтон намозидан кейин ўқиладиган витр намози, рамазон ҳайити намози, қурбон ҳайити намози ва Каъба(Байтуллоҳ)да ўқиладиган тавоф намози.

Одатда халқимизда "суннат намози" дейилганда беш вақтли фарз намозлардан олдин ёки кейин ўқиладиган «равотиб суннатлари» (фарз намозларга тобе бўлган суннат намозлари) тушунилади. Фарз намозларидан олдин ўқиладиган равотиб суннат намози ўзига хос равишда фарз намозга тайёрланиш вазифасини ҳам ўтайди. У намозни ўқиб, анча тайёрланиб олган намозхон учун фарз намозининг хушуъ ва хузуъсини жойига қўйиш осон бўлади. Фарз намозларидан кейин ўқиладиган суннат намозлари эса фарз намозда баъзи қусур ва камчиликлар содир бўлса, ўрнини тўлдириш вазифасини ўтайди. Шунинг учун ҳам шариатда бу намозлар «мукаммилот» — «тўлдирувчи намозлар» деб аталади. Фарз намозларидан бевосита олдин ёки кейин ўқиладиган бу намозлар тарк қилинмайди.

«Нафл намозлари» — қўшимча намозлар бўлиб, аслида улар ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган суннатдир. Бу намозларни ўқимаган киши маломат қилинмайди. Нафл намозларни ўқиганлар қўшимча ажр-савоблар ва фойдалар олиб, шу борада суннтага эргашувчилар мартабасида бўладилар.