Намоз ўз вақтида ўқилиши керак. Ҳали вақти кирмасдан ўқиб қўйилган намоз ҳисобга ўтмайди. Ўқилиши керак бўлган вақт ўтиб кетса, кейин бу намозни қазо қилиб ўқилади. Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Алий, уч нарсани ортга сурмагин. Намозни вақти кирганда, жанозани ҳозир бўлганда ва эрсиз аёл тенгини топганда.» деганлар. (Термизий ривоят қилган)

Кундалик фарз қилинган намозларнинг вақти қуёшнинг ўрнига қараб белгиланади. Булар:

  1. Бомдод намози вақти. Тонг отиши (осмоннинг қуёш чиқиш томонида оқ ёруғлик тарқалишни бошлаши) вақтидан қуёш чиққунича. Атроф ёришиб қолган вақтда, қуёш чиқишидан ярим соатча олдин бомдодни ўқиб тугатишга улгуриш мустаҳабдир.
  2. Пешин намози вақти. Қуёш кундузги энг баланд нуқтаси(қоқ туш вақтидаги ўрни)дан заволга, ботиш томонга ўтиши билан пешин намози вақти бошланади. Ёз фаслидаги жазирамада пешин намозини бир оз кечиктириб, қуёш тафти сал пасайганидан кейиш ўқиш афзал. Пешин вақтининг тугаши нарсанинг сояси қуёш тик турган вақтидаги сояни ҳисобга олмасдан, ўз бўйига нисбатан икки баравар узунликдан ортгуничадир.
  3. Аср намози вақти. Нарсаларнинг сояси қуёш тик туран вақтдаги соясидан ташқари, яна ўз бўйига нисбатан икки баравар бўлиб ортиши билан аср намози вақти бошланади. Бу намознинг ўқилиш вақти қуёш ботгунича. Аср намозини қуёш нур сочишни тўхтатиб, ботишга яқин томонга оғиб кетгунича кечиктирмай ўқиб олиш афзал.
  4. Шом намози вақти. Қуёш ботиши билан шом намози вақти киради. Шом вақти осмоннинг қуёш ботган томонида қизарган нурлар (шафақ) йўқолгунча давом этади. Шом намозини қуёш ботиши билан ўқишга ҳаракат қилиш керак.
  5. Хуфтон намози вақти. Шом намози вақти чиқиб, осмондан қуёш "излари" (шафақ нурлари) буткул йўқолиши билан хуфтон намози вақти киради. Ўқилиши вожиб бўлган витр намозининг вақти хуфтон намозидан кейин. Хуфтон ва витр намозларини эрта тонггача (яъни бомдод намози вақти киргунча) ўқиса бўлади. Хуфтон намозини ярим тунгача ўқиб тугатиш афзал.

  6. Ҳаво булутли, осмонда қуёш кўринмайдиган кунларда аср ва хуфтон намозларини вақтлари кириши билан ўқиш ва бомдод, пешин, шом намозларини эса (вақти киргани маълум бўлмаса) бироз кечиктириб ўқиш мақсадга мувофиқ.

Қуёш чиқаётган вақтда, қуёш тик юқорида турган туш вақтида ва қуёш ботаётган вақтда намоз ўқиш мумкин эмас. Бу вақтларда Қуръони каримдаги сажда оятлари учун тиловат саждаси қилиш, жаноза намозини, қазо намозларни, нафл намозларни ўқиш ҳам мумкин эмас. Фақат уламолар ўша кунги аср намозини кун ботаётган вақтда бўлса ҳам ўқиб олиш керак, дейишган. Шунингдек нафл (ихтиёрий) намозни имом минбарда хутба қилаётганида, бомдод вақти кирган вақтдан кун чиққунича, аср намози ўқилгач қуёш ботгунича ўқиб бўлмайди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Умар розияллоҳу анҳу «Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозидан кейин то қуёш чиққунча ва асрдан кейин (қуёш) ботгунча намоз ўқишдан қайтарганлар», деган. (Имом Бухорий, Муслим, АбуДовуд Термизий ва Насоий ривоят қилган.)