Аллоҳ таоло рухсат этган нарсалар шариатда «ҳалол» дейилади. Мусулмонларга ҳалол ризк топиш, ҳалол касб билан рўзғор тебратиш, ҳалол таом-ичимликларни истеъмол қилиш буюрилган. Шариатимизда ижозат этилган ҳамма нарса, ейиладиган таомлар ёки қилинадиган ишлар ҳалол дейилади. Аллоҳ таоло ҳалол килган нарсалар инсон учун моддий ва маънавий фойдалардан холи эмас. Аллоҳ таоло ман қилган нарсалар ва ишлар шариатда «ҳаром» ҳисобланади. Ҳаром ишга ўтиш ёки ҳаром таом ейиш оғир гуноҳ саналади (Бироқ, баъзан зарурат туфайли ҳаром нарсалар мубоҳ қилинади, масалан, очдан ўлаётган одам жонини сақлаб қоладиган миқдорда ҳаром истеъмол қилиши, ҳаётини сақлаб қолиш учун душманга нисбатан ёлғон ишлатиш мумкинлиги каби). Инкор қилиб бўлмас қатъий далиллар билан бажарилиши тақиқланган амал ҳаромдир. Масалан, зино, судхўрлик, ўғрилик, ароқхўрлик каби. Ҳаром иш қилган киши охиратда дўзах азобига дучор бўлади, ҳаромни тарк этган эса савобга эришади. Ҳаромни инкор қилган одам кофир бўлади. Ҳаром иш ва нарсалар саноқлидир. Қуйида улардан айримларини келтирамиз: тўнғиз, ваҳший ҳайвонлар, ҳаром ўлган (ўзи ўлиб қолган) ҳалол ҳайвонларнинг гўштлари, сўйганда чиққан қон, «Бисмиллаҳ»сиз сўйилган ҳалол ҳайвонларнинг гўшти, динсизлар (мажусийлар) сўйган ҳайвон гўшти, маст қилувчи ичимлик ва гиёҳларнинг барча турлари, эркакларга ипак ва тилла ишлатиш, тилла-кумуш идишда овқат ейиш, зинокорлик, судхўрлик, ўғрилик, қароқчилик, ғийбат, туҳмат, бўҳтон, ёлғончилик каби нарсалар мусулмонларга ҳаром қилинган.

Инкор қилиб бўлмас қатъий далил билан бажарилиши талаб қилинган амал «фарз» дейилади. Беш вақт намоз ўқиш, рўза, закот, ҳаж каби амаллар фарздир. Фарзни бажариш шарт, уни бажарган улкан савобга эришади, бажармаган фосиқ ҳисобланиб, азобланади. Инкор этган эса кофир бўлади. Фарз икки хил бўлади: фарзи айн (ҳар бир мусулмон бажариши шарт) ва фарзи кифоя (бир ёки бир неча кишининг адо этиши билан бошқалардан соқит бўлади). Ҳар куни бажариладиган беш вақтлик намоз ибодати мусулмон учун фарзи айндир.

Қирқта асосий фарзлар

Исломдаги бешта фарз: 1. Иймон; 2. Намоз; 3. Рўза; 4. Закот; 5. Ҳаж.

Иймондаги еттита фарз: 1. Аллоҳга ишониш; 2. Аллоҳнинг фаришталарига ишониш; 3. Аллоҳнинг китобларига ишониш; 4. Аллоҳнинг пайғамбарларига ишониш; 5. Охират кунига ишониш; 6. Қадарга — яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлишига ишониш; 7. Ўлгандан кейин қайта тирилишга ишониш.

Таҳоратнинг фарзлари тўртта: 1. Юзни тўла ювиш; 2. Қўлларни тирсаклар билан қўшиб ювиш; 3. Бошнингтўртдан бирига масҳ тортиш; 4. Оёқларни тўпиғи билан қўшиб ювиш.

Ғуслнинг фарзлари учта: 1. Оғизни ғарғара қилиб чайиш; 2. Бурунни ачиштириб чайиш; 3. Баданнинг ҳамма жойига сув етказиб ювиш.

Таяммумнинг фарзлари тўртта: 1. Ният; 2. Пок тупроқни қасд қилиш; 3. Икки қўлни тоза тупроққа уриб юзга суриш; 4. Икки қўлни тупроққа уриб, тирсак билан қўшиб қўлларга суриш.

Намознинг фарзлари ўн иккита бўлиб, олтитаси намоз ташқарисидадир, улар «намознинг шартлари» дейилади: 1. Баданнинг (жунуб, таҳоратсизлик, ҳайз, нифосдан) пок бўлиши; 2. Кийимнинг пок бўлмоғи ва авратнинг тўсилиши; 3. Намоз ўрнининг пок бўлиши; 4. Намоз вақтининг кирмоғи; 5. Қиблага юзланиб ўқимоқ; 6. Дилдан (холис) ният қилмоқ; Олтитаси намоз ичида бўлиб, улар «намознинг рукнлари» дейилади: 1. Намозга такбири таҳрима билан кириш; 2. Қиём; 3. Қироат; 4. Рукуъ; 5. Сажда; 6. Охирги қаъда.

Қуйидагилар ҳам мусулмонлар учун умумий фарзлардир: 1. Илм олиш; 2. Амри маъруф (яхшиликка буюриш) ва наҳйи мункар (ёмонликдан қайтариш); 3. Ҳайз ва нифос илмини билиш; 4. Ризқни ҳалол йўл билан топиш; 5. Шариат ҳалол деб белгилаган нарсаларнигина ейиш.

Эътирозга эҳтимоли бор далил билан бажарилиши талаб қилинган амал вожибдир. Масалан, витр, ҳайит намозлари кабилар. Вожибнинг ҳукми фарз билан баробар. Вожибни инкор қилган киши кофир бўлмайди, балки фосиқ бўлади. Вожибни бажарган савоб олади, тарк қилган жазога лойиқ бўлади.

Зиммага юкланмаган, лекин бажарилиши талаб қилинган амал суннатдир. Суннатга амал қилиш вожибга амал қилиш каби талаб этилади. Бироқ суннатга амал қилмаган вожибга амал қилмаган каби жазоланмайди, балки қораланади. Мазҳаб уламолари суннатни иккига бўлишган: 1) Суннати муаккада (таъкидланган суннат) — вожибдан кейинги даражада туради, масалан, жамоат билан намоз ўқиш. Бунга амал қилмаган гуноҳкор бўлади; 2) Суннати зоида (еб-ичиш, юриш-туриш каби ишларда Пайғамбар алайҳиссаломга эргашиш).

Эътирозга эҳтимоли бор далил билан бажарилиши тақиқланган амал макруҳи таҳримийдир. Масалан, биров аёл кишига совчи юбориб турган вақтида унинг совчиси устига совчи юбориш, эркакларнинг тилла тақиши ва ипак кийим кийиши макруҳи таҳримийдир. Макруҳи таҳримий ҳукми ҳаром ҳукмидадир, фақат уларни инкор этган киши кофир бўлмайди, холос. Қилинишидан қатъий қайтарилмаган, аммо қилинмаслиги қилинишидан яхши бўлган амал макруҳи танзиҳийдир. Мушук, йиртқич қушлар теккан сувда таҳорат олиш бунга мисол бўлади. Улардан сақланганлар савоб олади, қилганларга эса маломат ҳам, иқоб ҳам қилинмайди.

Шариатимиз қилишни ёки қилмасликни одамлар ихтиёрига қўйган ишлар мубоҳдир. Масалан, рамазон ойида кечаси еб-ичиш каби. Буни шариат белгилаган чегарадан чиқмай қилиш мубоҳ саналади. Мубоҳ амалларни қилган ҳам, қилмаган ҳам — баробар, савоб ҳамда гуноҳга эга бўлмайди. Жоиз — луғатда «ижозат берилган, йўл берилган» маъноларини билдиради, мубоҳ тушунчасининг ўхшаши бўлиб, шариатда "қилишга рухсат берилган амал" деган маънони билдиради.