«Ақида» сўзи арабча «ақада» феълидан олинган бўлиб, «бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш» маъносини англатади. Истилоҳда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам етказган барча нарсаларнинг ростлигини тасдиқлаб, қалб ва кўнгил боғлаб ишонилиши лозим бўлган нарсалар «ақида» дейилади. Бу сўзнинг кўплик шакли «ақоид» бўлади. Ислом ақидаси мусулмон инсонни маълум бир нарсалар билан маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуасидир. Аслида, бирор нарсага эътиқод қилиш учун уни ҳеч қандай шубҳа қолдирмайдиган даражада яхши билиш керак. Бунинг учун, аввало, ўша нарсани идрок қилиш керак. Кейин эса, ўша ҳиссий идрок илмий маърифатга айланиши лозим. Сўнгра, замон ўтиши, бошқа далилларнинг собит бўлиши ила ўша илмимиз тасдиқланади ва унга бўлган ишончимиз кучли бўлади. Мазкур илмга бўлган ишонч онгимизда мустаҳкам равишда қарор топганидан сўнг, у бизнинг ақлимизга ва қиладиган ишларимизга ўз таъсирини ўтказадиган бўлади. Қачон маълум бир илм бизнинг фикримизга айланиб, ҳис-туйғуларимизни йўллайдиган ва ҳаракатларимизни бошқарадиган ҳолга етганда ақидага айланган бўлади. Демак, ақида илмга асосланган бўлиши лозим. Ақида илмининг мақсади — динга бўлган ишончни, диний ақидаларни қатъий далиллар билан исботлаш ва улар тўғрисидаги шубҳаларни рад қилишдир; кишини ақидада тақлидчи бўлишдан далил келтириш ва ишончли бўлиш чўққисига кўтаришдир; тўғри йўлни изловчиларга очиқ-ойдин ҳақни баён қилиш билан йўл кўрсатиш, аксинча, бўйин товловчиларга эса, далил ва ҳужжатларни исбот қилишдир; дин асосларини аҳли ботилнинг шубҳаларидан ва адаштиришларидан муҳофаза қилишдир; бу илмнинг энг асосий мақсади эса, барча шаръий илмлар каби, икки дунё саодатини ҳосил қилишдир. Ақидани тўғрилаш ва уни мустаҳкамлаш ҳақида Сўфи Оллоҳёр шундай ёзганлар:

Ақида билмаган шайтона элдур,
Агар минг йил амал деб қилса — елдур.

Ақида масалалари замон, макон, шахс ва жамият ҳаётига кўра ўзгармайди. Ақида масалалари яхлит бўлиб, бир қисмига ишониш, бошқа қисмига ишонмаслик мумкин эмас. Ақидага доир илк асар ёзган ва асарлари шу кунгача етиб келган зот Абу Ҳанифадир. У кишининг «Ал-Фиқҳул-акбар» дея танилган асарида ақоид масалалари баён қиилнган.