«Дин» сўзи «итоат, эътиқод, ишонч, ҳукм, йўл тутиш» каби маъноларни билдиради. Дин илоҳий йўл-йўриқлар, Аллоҳ таоло буюрган ҳукмлар, ибодатлар ва ақидалар жамланмасидир. Дин инсонларни хайрли ишларга етаклайди ва фақат яхшиликка бошлайди. Ейиш ва ичиш моддий эҳтиёж бўлганидек, дин ҳам маънавий эҳтиёждир. Барча пайғамбарлар алайҳимуссалам даъват этган динларнинг асоси бирдир: пайғамбарлар инсонларни оламни ягона Аллоҳ таоло яратганига иқрор бўлишга ва фақат Унга ибодат қилишга даъват қилган. Улар етказган ҳукмларда айрим фарқлар бўлсада, асосий даъватларида эса фарқ йўқ. Дунёда дини, ишончи бўлмаган бирор миллат ёки халқ бўлмаса керак. Чунки ҳеч бир миллат, халқ динсиз яшай олмайди. Динсизлик, Аллоҳга, Унинг ваҳийларига, охиратга ишонмаслик (яъни куфр келтириш) инсониятнинг энг катта кулфатидир.

«Ислом» — «бўйсуниш, тоат, ихлос, тинчлиқ, сулҳ» деган маъноларни билдиради. Ислом тавҳид (яккахудолик) дини. Аллоҳ таоло юборган барча пайғамбарлар инсониятни асоси бир динга - Аллоҳ таолонинг борлиги ва бирлигига, Унинг китобларига, фаришталарига, пайғамбарларига ва Қиёмат кунига иймон келтиришга, фақат Унга ибодат қилишга даъват этишган. Ислом динидаги кишилар «мусулмон-муслим» деб аталади. Ҳозир ер юзида бир ярим миллиард нафарга яқин мусулмон мавжуд.

«Шариат» сўзи луғатда «изҳор қилмоқ, баён этмоқ» маъносида бўлиб, «тўғри йўл, илоҳий йўл, қонунчилик» каби маънони англатади. Шаръий истилоҳда Ислом динининг ҳукмлар тўплами, Аллоҳ таолонинг амр ва тақиқлари «шариат» дейилади. Пайғамбарлар даъват этган динларнинг асоси бир бўлса-да, улар етказган ҳукмлар, яъни шариатлар турли хил булган. Шунинг учун кейин келган пайғамбар даврида аввалги ўтган пайғамбар етказган ҳукмлар (шариат) бекор бўлган. Пайғамбаримиз етказган ҳукмлар, яъни Ислом шариати қиёматгача боқийдир. Инсонлар манфаатини таъминлаш ва уни ҳимоя қилиш шариатнинг асосий мақсадидир. Мусулмонлар Ислом шариатига мувофиқ ҳаёт кечиришларини мувофиқ бўлишини таъминловчи қонунлар "фиқҳ" дейилади. Шариатнинг асосчиси Аллоҳ таолонинг ўзидир.

Мусулмонлар икки буюк ишонч асосида яшайдилар:
1. Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган илоҳ йўқлигига ишонч ("Лаа илааҳа иллаллоҳ");
2. Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг барча инсонларга юборган пайғамбари (элчиси) эканлигига ишонч ("Маҳаммадур Росулуллоҳ").
Бу жумлаларни қалб билан тасдиқлаб, тили билан айтган одам ислом динида бўлиб ҳисобланади. Бу ишонч иймон дейилади ва шу шаклда иймон келтирганлар ислом динида бўлиб, улар мусулмон деб ҳисобланадилар.

Ислом дини қуйдаги беш асос устида қурилган:
1. Иймон — "Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Росулуллоҳ" деб қалбдан иқрор бўлиш ва тил билан айтиш.
2. Намоз — Ҳар куни беш вақтда намоз ўқиш.
3. Закот — Мол-мулки маълум миқдорга етганда, қирқдан бир қисмини Аллоҳ белгилаган муҳтожларга ажратиб бериш.
4. Рўза — Ҳар йилда бир марта, рамазон ойи давомида бир ойлик рўзани тутиш.
5. Ҳаж — Агар қодир бўлса, умрида бир марта ҳаж қилиш.