«Иймон» сўзининг маъноси тасдиқ этиш, ишонишдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ таоло томонидан етказилган барча нарсаларни дил билан тасдиқлаб, уларга тил билан иқрор бўлиши «иймон» дейилади. Иймонни изҳор қилиш:

«Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳ»

Гувоҳлик бераманки, Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқдир ва гувоҳлик бераманки, Муҳаммад алайҳиссалом Унинг бандаси ва Росулидир.

أَشْهَدُ أنْ لا إلَٰهَ إِلَّا اللهُ وَأشْهَدُ أنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ

Ким бу калимани тили билан айтиб, дили билан унинг маъносини тасдиқ ва қабул қилса, яъни Аллоҳ таоло ягона сиғиниладиган Зотдир, Ундан ўзгага сиғинишга лойиқ ҳеч қандай мавжудот йўқ. Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг бандаси ва расулидир, Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ таоло томонидан етказилган барча нарсани ҳақ-рост деб қалби билан тасдиқлаб, қабул қилса ҳамда тили билан шунга иқрор бўлса, бундай одам иймонли саналади. Ибодат ва солиҳ амалларнинг қабул бўлиши учун иймон шартдир. Шу ўринда иймоннинг изоҳини баён этувчи бир ҳадиси шарифни кўрайлик:

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса борки, улар кимда бўлса, иймон ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Унинг Расули; унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлиши, бир кишига фақат Аллоҳ учунгина муҳаббат қўйиши ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши», дедилар». (Ҳадисни Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий ривоят қилишган.)

Инсон учун энг биринчи вазифа Аллоҳ таолога иймон келтиришдир. Аллоҳга иймон келтириш бўлмас экан, иймон келтириш лозим бўлган бошқа нарсаларга ҳам иймон бўлмайди. Киши ҳамма нарсани ёлғиз Аллоҳ таоло яратганини, Ундан ўзгага сиғиниб бўлмаслигини, У комил сифатлар билан сифатланганини, айб-нуқсонлардан поклигини қалби билан тасдиқлаб, тили билан иқрор бўлсагина Аллоҳ таолога иймон келтирган бўлиб ҳисобланади. Аллоҳ таоло зоти ва сифатларида ягонадир, қадимдир (мавжудлигининг аввали йўқ), доимдир (мавжудлигининг ниҳояси йўқ), тирикдир, билувчидир, қодирдир, ихтиёрлидир (истаганини қилади), сўзлагувчидир, эшитувчидир, кўрувчидир. Аллоҳ таоло жисм ҳам, модда ҳам, ранг ёки ҳид ҳам эмас. Унинг сурати ва шакли йўқ. Аллоҳ таоло бирор томонда ва маконда эмас. Зеро, У Зот макон ва томонни Ўзи яратган. Аллоҳ таолонинг борлиги замон билан белгиланмайди. Аллоҳ таоло исмлари, зотий ва феълий сифатлари билан ҳамиша бўлган ва бўлади. Аллоҳ таолонинг бирорта исми ва янги сифати пайдо бўлмаган. Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатларида ўхшаши, акси, тенги йўқ. Аллоҳ таоло ҳеч бир нарсага муҳтож эмас. Аллоҳ таоло охиратда мўминларга Ўз зотига муносиб, кайфиятсиз равишда кўринади. Ҳамма нарса Аллоҳнинг ҳоҳиши, ҳукми ва тақдири билан бўлади. Аллоҳ барча нарсани билади ва ҳамма нарсага қодирдир. Аллоҳнинг қуйидаги сифатлари азалий ва абадийдир:
Ҳаёт — тириклик. Аллоҳ таоло тирикдир.
Илм — билиш. Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билувчидир.
Қудрат — қодирлик. Аллоҳ таоло ҳамма нарсага қодирдир.
Самъа — эшитиш. Аллоҳ таоло ошкор қилинган ва беркитилганларни эшитувчидир. Унга ҳеч нарса махфий эмасдир.
Басар — кўриш. Аллоҳ таоло ҳамма нарсани кўради. Ҳеч бир нарса Ундан яширин бўла олмайди.
Ирода — ҳоҳиш. Аллоҳ таоло ҳоҳлаган нарса бўлади, ҳоҳламаган нарса бўлмайди.
Калом — сўзлаш. Аллоҳ таоло сўзлагувчидир.
Таквин — йўқдан яратиш. Аллоҳ таоло оламни йўқдан яратган. Ҳамма нарсанинг яратувчиси Аллоҳ таолодир.
Аллоҳ таолонинг ҳеч бир сифати махлуқларнинг бирор сифатига асло ўхшамайди.

Фаришталарга иймон келтириш иймоннинг шартларидан биридир. Аллоҳ таоло фаришталарни нурдан яратган. Фаришталарнинг борлигига, уларнинг Қуръони карим ва ҳадисларда баён қилинган сифатлари ва вазифаларига ишониш иймоннинг арконларидан бўлиб, инсон уларга ҳам иймон келтурмагунича мўмин бўлмайди. Фаришталар Аллоҳ таолонинг махлуқи, бандасидир. Улар куфр ва гуноҳлардан покдир. Улар ҳар доим Аллоҳ таолога тоат-ибодатда бўлишади. Улар эркаклик ва аёллик сифатлари билан сифатланмайди. Фаришталар инсонлар каби еб- ичишмайди, ухлашмайди, уларда шаҳват бўлмайди. Фаришталар Аллоҳ таолонинг изни билан турли шаклларда кўрина олишади. Аллоҳ таоло фаришталарни кўп қанотли қилиб яратган, уларнинг баъзиларида иккитадан, айримларида учтадан, баъзиларида тўрттадан, айримларида эса бундан ҳам кўп қанотлар бор. Фаришталар Аллоҳ таолонинг ҳукмини бандаларга етказиш, Аршни кўтариб туриш, жаннат ва дўзах ишларини бажариш, одамларнинг ишларини кузатиб, амалларини ёзиб юриш, инсонни доимий муҳофаза қилиш, руҳларни қабз қилиш ва бошқа вазифаларга бириктирилган. Жаброил, Микоил, Исрофил, Малакул мавт (Азроил) алайҳимуссаломлар фаришталарнинг улуғларидир. Жаброил алайҳиссалом ваҳийни етказиш, Микоил алайҳиссалом Аллоҳ берган ризқларни тасарруф қилиш, Исрофил алайҳиссалом қиёматдан огоҳ этувчи сурни чалиш, Азроил алайҳиссалом жонларни қабз қилиш вазифасидадирлар.

Иймоннинг яна бир шарти Аллоҳ таолонинг Ўз пайғамбарларига (расуллари ва набийларига) нозил қилган китобларига ишонишдир. Аллоҳ таолонинг ҳамма китоблари Унинг каломи (сўзи) ва ваҳийсидир. Аллоҳ таоло ушбу каломни яратган эмасдир, балки бу Аллоҳнинг азалий сифатларидандир. Уларнинг ҳаммаси бир каломдир, иброн, араб ва бошқа тилларда нозил қилинганлиги, жумлаларнинг тузилиши жиҳатидан, ўқиш ва эшитиш жиҳатидан бир нечтадир. Шунга кўра нозил бўлган китобларнинг энг афзали Таврот, Инжил, Забур ва Қуръони Каримдир. Бу тўрт китобнинг энг афзали Қуръони Каримдир. Қуръони Карим нозил бўлгач қолган барча китобларни ўқиш ва ёзиш бекор бўлган. Чунки улардаги ҳукмлар муайян халққа йўлланган эди. Қуръони карим ҳукмлари эса бутун инсониятга қаратилган. Таврот Мусо алайҳиссаломга, Забур Довуд алайҳиссаломга, Инжил Исо алайҳиссаломга, Қуръони карим эса Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга юборилган. Қуръони карим ҳукмлари қиёматгача ўзгармайди, бирор ҳарфи зиёда ёки кам бўлмайди, тилларда ва дилларда сақланиб боради. Қуръони Каримни ўқиш ибодат бўлиб ҳисобланади.

«Пайғамбар» форсча бўлиб, «хабар етказувчи» деган маънодаги сўздир. Арабчада «расул, набий» дейилади. Иймоннинг шартларидан яна бири Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарларига истисносиз ишонишдир. Пайғамбарларнинг вазифаси иймон келтириб, тоат-ибодат қилган инсонларга жаннат башоратини қилиш, куфр ва исёнда бўлган инсонларни дўзах азобидан огоҳ этиш, инсонларга дунё ва дин ишларида улар муҳтож бўлган нарсаларни баён этишдир. Пайғамбарларнинг барчаси Одам наслидан, гуноҳ, куфр, туғёндан сақланган, пок, ақл ва ибодатда комилдирлар. Уларнинг барчаси бир динда - Ислом динидадир. Зеро, улар ўз қавмларини фақат Аллоҳ таолога ибодат қилишга, Унинг улуҳиятига, рубубиятига, исм ва сифатларига ширк келтирмасликка чақирганлар. Пайғамбарлар расул ва набийга ажралади. Улар олиб келган йўлнинг асоси бир бўлса-да, расуллар набийлардан юқори даражада турадилар. Расулларнинг баъзилари ҳам баъзиларидан фазл жиҳатидан устун бўлади. Улар зиммаларига юкланган вазифаларни тўла адо этишган. Пайғамбарларнинг аввали Одам алайҳиссалом, охирлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Одам ва Муҳаммад алайҳимуссаломлар оралигидаги даврда ўтган пайғамбарларнинг адади ҳақида қатъий далил бўлмаганидан уларнинг умумий саноғи аниқ эмас. Шунинг учун улар ададини маълум бир сон билан чегаралаш жоиз бўлмайди. Қуръони Каримда йигирма беш пайғамбарнинг номи зикр этилган. Булар Одам, Идрис, Нуҳ. Ҳуд, Солиҳ. Иброҳим, Лут, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Юсуф, Айюб, Зулкифл, Шуайб, Мусо, Хорун, Довуд, Сулаймон, Илёс, Алясаъ, Юнус, Закариё, Яҳё, Исо ва охирги пайғамбар Муҳаммад алайҳимуссаломлардир. Қуръонда Узайр, Луқмон, Зулқарнайн деган исмлар ҳам келган, улардан баъзилари набий, баъзилари валийдир. Одам, Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо, Муҳаммад алайҳимуссалом шариат соҳиблари бўлишгани учун «улул-азм» пайғамбарлар дейилади. Китоб ва шариат берилган пайғамбарлар «расул», ўзидан олдинги пайғамбарнинг шариатини давом эттирувчи бўлиб келган пайғамбарлар «набий» дейилади. Машҳур қавлга биноан, Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф соллаллоҳу алайҳи васаллам фил йилида, рабиъул-аввал ойининг 12-кечасида Маккада туғилганлар. Оталарининг исми Абдуллоҳ, оналарининг исми Оминадир. Қурайш қабиласиданлар. Оталари Абдуллоҳ тижорат учун Шомга бориб, қайтишда Мадинада вафот этади. Муҳаммад алайҳиссалом олти ёшга кирганларида оналари ҳам вафот этади ва боболари Абдулмуттолиб тарбиясида қоладилар. Уч йилдан сўнг боболари ҳам вафот этади ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам милодий 579-595 йиллари амакилари Абу Толиб тарбиясида бўладилар. Амакиларининг қўй-эчкиларини боқадилар, тижорат сафарларига ҳам бориб турадилар. Хадича исмли Макканинг бой ва обрўли аёлига тегишли тижорат молларини Шомга олиб борадилар. У киши ишончли, яхши хулқли бўлганлари учун Хадича онамиз ўзлари совчи қўйиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан турмуш қуришади. Ривоятларга кўра бу пайтда жаноб Пайғамбаримиз йигирма беш ёшда, Хадича онамиз эса қирқ ёшда эдилар. 610 йили рамазон ойининг қадр кечасида жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка яқинидаги Ҳиро ғорида ибодат қилаётганларида Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссалом орқали илк ваҳий - Қуръони Каримнинг Алақ сурасидаги аввалги беш оятни нозил этади ва шу тариқа бу зотнинг пайғамбарлик рисолатлари бошланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олтмиш уч йил умр кўриб, ҳижратнинг ўн биринчи йили робиъул аввал ойининг ўн иккинчи, душанба куни (милодий 632 йил) вафот этдилар. Ҳужраи саодатга, яъни Оиша онамизнинг ҳужраларига дафн этилганлар. Ҳозир мақбаралари Мадинадаги Масжидун набавий ичидадир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари қиёматгача давом этади. У зотдан сўнг ҳеч бир пайғамбар бўлмайди. Бу зот бутун инсониятга ва жинларга расул этиб юборилганлар.

Охиратга, яъни қиёмат кунига ишониш иймоннинг яна бир шартидир. Бу ҳақиқатни тасдиқ қилмаган инсон мўмин бўла олмайди. Қуръони Каримнинг жуда кўп оятларида мўмин ва тақводорларнинг сифатлари зикр этилганида «ва улар охиратга ишонадилар»деб васфланади. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: «Жаброил алайҳиссалом у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга «Менга иймоннинг хабарини беринг», деганларида Пайғамбаримиз: «Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ва яхши-ёмон қадарга иймон келтириш» деб жавоб берганлар. Охиратга ишониш Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда охират ҳақида келган барча нарсаларга: қабрда икки фариштанинг савол қилишига, қабр азоби ва неъматига, охират куни олдидан бўладиган аломатларга, қайта тирилишга ва ҳамманинг тўпланишига (ҳашрга), номаи аъмолларнинг берилишига, кишининг савоб ва гуноҳлари ҳисоб қилинишига, мезонга (тарозуга), ҳавзга, сиротга, шафоатга, жаннат ва дўзахга, уларнинг аҳлларига ҳозирланган неъмат ва азобларга ишониш, демакдир. Қиёмат Исрофил алайҳиссаломнинг биринчи сур тортишлари билан бошланади ва дунё ҳаёти тугайди. Қиёмат кунига иймон келтирмаган киши бу дунёга нимага келганини билмай, ҳайвон каби яшаб ўтади. Чунки бу дунёда яшашдан мақсад нималигини билмайди. Шунинг учун у гоҳ мол-дунё тўплайди, гоҳ шаҳватларга берилади, ҳаётини бемақсад совуради. Қиёмат кунига иймони бор киши эса дунё ҳаёти инсонларнинг охиратдаги абадий ҳаётининг муқаддимаси эканини яхши билади. Шунинг учун бу дунёда охирати учун тайёргарлик кўради, ҳаётини солиҳ амаллар ва эзгу ишлар билан безайди.

Иймон арконларининг энг муҳимларидан бири яхшию ёмон қадарни Аллоҳ таолодан деб билишдир. Қадарга, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси, хоҳиши, яратиши билан бўлишига ишониш иймоннинг ажралмас бир қисмидир. Ҳамма нарса ва ҳаракат, жумладан, инсон хоҳиши ва ихтиёрининг яхши ёки ёмон, қачон ёки қаерда ва қанча бўлишининг бари Аллоҳ таолонинг иродаси, илми ва яратиши билан бўлади. Инсон Аллоҳ таоло унда яратган ихтиёр билан танлаган амалига яраша яхшилик бўлса - савоб олади, ёмонлик бўлса - гуноҳга ботади. Қазою қадар масаласи Аллоҳнинг Ўзига хос илмларидан ҳисобланиб, аввалда ҳам, ҳозирда ҳам кўплаб тортишув-баҳсларга сабаб бўлган масаладир. Мусулмон кишига бу масалада чуқур кетмай, беҳуда тортишувларга берилмай Қуръон ва Суннатда келган кўрсатмаларга амал ва эътиқод қилиш тавсия этилади.

Ўлим, ундан кейинги қабр синови ва ундаги азоб ёки роҳатга ишониш ҳам қиёмат кунига иймон келтиришнинг бир қисмидир. Ўлим ҳақ, каттаю кичик, бою камбағал, кучлигу кучсиз ажали етиб бир куни ўлади. Мусулмон инсон ўлганидан кейин қабрда икки фариштанинг сўроқ қилишига, сўнг натижага қараб қабр азоби ёки ундаги ҳузур бўлишига сидқидилдан ишонади. Бу дунё билан охират дунёси орасидаги, яъни ўлгандан сўнг то қиёмат қоим бўлгунгача даврдаги ҳаётни «барзах ҳаёти» дейилади. Аллоҳ таолонинг амри билан Исрофил алайҳиссалом иккинчи бор сур тортганларидан сўнг барча жонзотлар, жумладан инсонлар тирилади. Уларнинг асл жасадларига руҳлари қайтарилади ва улар қабрларидан чиқиб Маҳшаргоҳга тўпланади ҳамда ҳисобга тортилади. Ўлим - инсоннинг дунё ҳаётидаги фаолиятига нуқта қўювчи ва охират ҳаётининг бошланишини билдирувчи бир маррадир. Инсон ўлиши билан унинг охират ҳаёти бошланади. Мўминлар ўлимидан кейин тирилиб маҳшаргоҳда тўпланишларига, қилган яхши ва ёмон амаллардан ҳисоб беришларига иймон келтиришлари вожибдир. Амаллар Ҳақ тарозусида - Мезонда тортилиб, яхши амалли, иймонлилар абадий ором-фароғат маскани -жаннатга киради, иймонсизлар ва айрим гуноҳкорлар дўзахга ташланади. Ўлишдан кейин тирилишнинг муҳим ҳикмати бор. Модомики, дунёга келган эканмиз, бу ерда бир қанча исломий, инсоний вазифаларимизни ўташимиз, Аллоҳ буюрганларини бажаришимиз керак бўлади. Бунга осийлик қилганлар эса Аллоҳнинг ғазаби ва жазосига дучор бўлади. Охиратдаги бахтли-саодатли ва осойишта ҳаёт иймонимизга бу дунёдаги қилган амалларимизга, савобли, хайрли ишларимизга боғлиқ. Қуръони Каримда «Сизларни ундан яратдик, унга қайтарурмиз ва яна бир бор ундан чиқариб олурмиз», дейилган (Тоҳа сураси, 55-оят). Буни инкор қилиш — Қуръонни инкор этишдир, бу эса аниқ куфрдир. Мўминнинг ақли билан кофирнинг ақли шу нуқтада фарқланади. Ҳозирги кунда дунё бўйлаб таносух (инсон вафот топгандан кейин унинг руҳи янги туғиладиган чақалоққа кириши, баъзи бир миллатлардаги инсон етти бор ҳаёт кечириши) ақидаси кенг тарғиб қилинмоқда. Бу ақида иймонга зид бўлиб, бундай деб эътиқод қилиш куфр ҳисобланади. Чунки инсон вафот топгач, ҳадисда келган хабарларга кўра, солиҳ бандаларнинг руҳлари маълум бир жойга, кофир ва фосиқларнинг руҳлари эса бошқа бир жойга қўйилади. Солиҳларнинг руҳлари жасадлари каби роҳат-фароғатда бўлади, кофир ва фосиқларнинг руҳлари эса жасадлари каби азобга дучор бўлади. Баъзи бир жинлар билан дўст бўлган кишиларни «боболарим, момоларимнинг арвоҳлари мени қўллаб-қувватлаб туради» дейишлари сафсатадан ўзга нарса эмас. Ўлган одамларнинг руҳлари тириклар томонидан қилинадиган дуо, эзгу ишлар ва ҳақларига айтиладиган истиғфорга муҳтожлар. Улар дунё ҳаётидаги яқинларига фойда ҳам, зарар ҳам бера олмайдилар. Бундай фикрдаги айрим одамларга ҳамроҳ бўлаётганлар аслида жинлардир.