Ният сўзи луғатда қасд қилиш маъносини билдиради. Ислом олимлари ният сўзини икки турда шарҳлайдилар.
1) Ибодатларни бир-биридан ажратиш маъносидаги ният (масалан пешин намозини аср намозидан ажратиш, рамазон ойи рўзасини бошқа рўзалардан ажратиш ва ҳ.к). Бу турдаги ният тушунчаси билан фиқҳ илми олимлари шуғулланадилар.)
2) Амалдан кўзланган мақсадни билдирувчи ният (масалан бирор ишни қилишда фақат Аллоҳ розилиги кўзланмоқдами ёки бошқа мақсад ҳам борми ва ҳ.к). Бу турдаги ният тушунчаси билан руҳий тарбия илми олимлари шуғулланадилар.

Дин ички ва ташқи амаллардан иборат. Ният ички амаллар гуруҳига киради. Мусулмон одамнинг савоб амални касб қилиши уч йўл билан содир бўлади: қалб, тил ва бадан орқали. Қалб билан содир бўладиган "ният"ни ўрганар эканмиз, мусулмонлар орасида машҳур бўлган "аммалар ниятга боғлиқдир" ҳадисига тўхталамиз:

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар солллаллоҳи алайҳи васаллам дедилар:
"Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишининг ният қилгани бўлади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Росули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳга ва Унинг Росулига бўлади. Кимнинг ҳижрати дунё учун қилинган бўлса, унга эришади. Ёки аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади. Бас, унинг ҳижрати нима учун қилинган бўлса, ўшанга бўлади."

Бешта шайх ривоят қилган.

Ҳадисни ўрганиш

Пайғамбаримиз бу ҳадисларида ўзларига хос услубда, қисқа жумлалар билан кўплаб маъноларни баён қилмоқдалар. Ислом уламолари бу ҳадисни кенг ўрганганлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ "Илмнинг учдан бири шу ҳадисда" деганлар. Имом Шофеъий эса "илмнинг ярми шу ҳадисда" деганлар. Ушбу ҳадиснинг саҳиҳ эканлигига, улуғлигига, ниҳоятда фойдали эканлигига уламоларнинг барчаси иттифоқ қилганлар. Олимларнинг кўпчилиги, шу жумладан Имом Бухорий ўз китобларини шу ҳадис билан бошлашни мустаҳаб деб билганлар.

Мазкур ҳадис муҳаддис (ҳадисшунос) уламолар ичида "Умму Қайс муҳожирининг ҳадиси" номи билан машҳурдир. Ҳадисга бундай ном берилишининг сабаби қуйдагича: ривоят қиладиларки, Маккада Умму Қайс дейилувчи аёл яшаган. Бир киши шу аёлга уйланиш мақсади борлигини айтса, аёл "мен мусулмон бўлдим. Мадинага ҳижрат қилиб кетмоқчиман. Агар сен ҳам мусулмон бўлиб, Мадинага ҳижрат қилсанг, сенга турмушга чиқишга розиман", деган. Кейин ўша киши узоқ йўл юриб, Маккадан Мадинага келибди. Умму Қайсни излаб топиб, унга шартини эслатибди. Умму Қайс ҳам рози бўлиб, икковлари турмуш қурибдилар.

Ҳижрат улуғ иш бўлиб, ҳижрат қилганларнинг мақоми улуғ эди. Динини сақлаш учун Маккадан Мадинага ҳижрат қилган мусулмонларга улуғ мартабалар ваъда қилинган. Лекин бу киши ўн кун йўл юриб, Маккадан Мадинага келишининг биргина сабаби Умму Қайсга уйланиш эди. Аёл қўйган шарт бўлмаганида келмоқчи эмасди. Бу одамга бошқа муҳожирлар (ҳижрат қилувчилар) мартабаси бериладими? Шу каби саволларни саҳобалар розияллоҳу анҳум Пайғамбаримиздан сўраганларида у киши юқоридаги ҳадисни айтганлар.

Энди ҳадиснинг батафсил шарҳини ўрганиб чиқайлик:
"Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир". Бундан ҳар бир амал ниятига қараб баҳоланиши келиб чиқади. Амал ҳоҳ тил билан бажарилсин, ҳоҳ қўл билан; фарз бўлса ҳам, нафл бўлса ҳам, хуллас унинг тўғрилиги ниятга боғлиқ. Шариатнинг ҳукми бўйича ҳеч нимани ният қилинмасдан адо этилган амал қабул бўлган ҳисобланмайди. Бу борада амалларни уламолар уч турга тақсим қилганлар.
1) Қилишга буюрилган амаллар. Уларни бажаришда Аллоҳ розилиги кўзланиши шарт. Агар ният бошқачага ўзгарса, бундай амаллар риёга айланиб қолади.
2) Қилишдан қайтарилган амаллар. Бу ишларни тарк этаётган одам ҳеч нимани ният қилмаса, ишларнинг зараридан ҳимояда бўлади, аммо савоб олмайди. Лекин худди шу ишларни Аллоҳ розилигини ният қилиб тарк этса, савоб олади.
3) Қилиш ёки қилмаслик одамнинг ихтиёрида бўлган (мубоҳ) амаллар. Мубоҳ ишларнинг ҳар бири киши Аллоҳ розилигини ният қилиши билан ибодатга айланади. Мубоҳ амалга мисол қилиб овқатланишни олсак, банда ибодатимга қувват берсин деган ниятда еб-ичишининг ўзи ҳам бир ибодатдир.

"Албатта, ҳар бир кишининг ният қилгани бўлади". Киши ният қилган нарсасига эришади.

"Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Росули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳга ва Унинг Росулига бўлади". "Ҳижрат" сўзи луғатда ажралиш, бирор нарсанинг ҳижронида қолишни билдиради. Ҳадисда зикр қилинган ҳижратда Аллоҳ ва росулининг розилигини истаб, дини йўлида Маккани ташлаб, Мадинага бориш назарда тутилган. Ушбу жумладан маълум бўлишича, "Аллоҳ розилиги учун" дея Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб борилса "муҳожир" мартабасига эришилади. Набий соллалоҳи алайҳи васаллам томонидан ҳақиқий ҳижрат қилувчиларга ваъда қилинган мартаба шудир.

"Кимнинг ҳижрати дунё учун қилинган бўлса, унга эришади". Кимки Маккадан Мадинага мол-дунё қасдида ҳижрат қилган бўлса, ўшанга эга бўлади.

"Ёки аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади". Умму Қайсни никоҳига олган кишига ўхшаб, ниятига етади.

"Бас, унинг ҳижрати нима учун қилинган бўлса, ўшанга бўлади". Агар киши мол-дунё, ёр-дўст орттириш, саёҳат қилиш, илм ўрганиш ёки ундан ташқари бошқа нарсаларни кўзлаб ҳижрат қилган бўлса, қилинган ҳижрат ўша нарса учун бўлади.

Демак ташқи кўриниши бир хил амал ниятга қараб турли натижалар беради. Ҳадисдаги Маккани тарк этиш, йўл босиб ўтиб, Мадинани макон тутиш бунга мисолдир. "Бу ишни Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари буюрди. Менга шу иш вожиб бўлди. Қилмасам гуноҳга қоламан. Қилсам савоб оламан", деган ниятдаги одам муҳожир саналади. Ҳақиқий муҳожирга бериладиган ажр-савобларга эга бўлади. Бу одам Мадинага бориб мол-дунё тўплаши ҳам, оила қуриши ҳам мумкин. Ҳижрати учун унга ваъда қилинган ажр-у савоблар бу билан кам бўлиб қолмайди.

Аммо бир одам ҳижратни Мадинага бориб мол-дунё тўплаш учун қилса, у қилган ҳаракати ва Аллоҳнинг қадарига боғлиқ миқдорда мол-дунёга эришади. Муҳожир одамга ваъда қилинган савобни олмайди.

Учинчи киши Умму Қайсни никоҳига олишни кўзлаган одам каби ҳижрат қилади. У ўзи ният қилган аёлни никоҳига олиши мумкин, лекин муҳожир бўла олмайди. Муҳожирларнинг мартабасига эришмайди, уларга ваъда қилинган ажр-савобни ҳам олмайди. Чунки унинг нияти бошқа нарсани кўзлаб қилинган эди.

Юқоридаги маънолар билан бирга ҳадисда ибодатлар ният билан қилиниши кераклиги баён қилинмоқда. Ниятсиз қилинган ибодат оддий иш каби бўлиб қолади. Масалан рўза тутмоқчи бўлган одам "шариатимиз буюргани учун", деб рўзадор бўлса,тутган рўзаси ибодат ўрнига ўтади. Аммо "озишим учун", "соғликка берадиган фойдаси учун", деб ният қилса, рўзадан киши танасига келадиган фойдаларни олади, аммо ибодат ниятини қилмагани учун рўзадорларга бериладиган савобга эришмайди.

Мусулмон одам фақат яхшиликни қасд қилишни, ниятини яхшилашни, ниятдан кейин яхши ишларни чин ихлос билан амалга оширишни ўрганиши керак. Адашиб, нияти нотўғри бўлиб, нотўғри нарсани қасд қилган вақтида юқоридаги ҳадиси шарифни эсга олиб, дарҳол қайтишни ўрганиши керак. Икки дунё саодатига эришиш шу йўл билан бўлади. Ибн Абу Дунё қилган ривоятда Умар розияллоҳу анҳу айтади: "Нияти йўқ одамнинг амали ҳам йўқ. Савобни умид қилмаганга савоб ҳам йўқ."