Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар: "Кимки шомдан кейин олти ракъат намоз ўқиса, улар орасида ёмон сўз гапирмаса, у ўн икки йиллик ибодатга тенг бўлади"». (Ҳадисни Термизий ва Ибн Можжа заиф санад билан ривоят қилган)

Шом намозидан кейин ўқиладиган нафл намознинг номи “Аввобин намози” дейилади. Бу намозни ўқиш мустаҳабдир. Бу намоз олти ракатли қилиб ўқилади. Барчасини бир салом билан ёки икки-икки ракатдан бўлиб, алоҳида ўқиш мумкин. Ҳар икки шаклда ҳам илк икки ракати шом намозининг икки ракатли равотиб суннати ўрнига ўтади. Лекин киши истаса, бу намозни ўша равотиб суннатни ўқиб бўлгандан кейин ҳам ўқиса бўлади.

Айрим фиқҳий манбаларда аввобийн намозида ўқиш учун бирор суранинг хослаб қўйилишини учратиш мумкин. Масалан ҳанафий мазҳаби олими Ибн Обидин роҳимаҳуллоҳ ўзининг "Баҳр ур-роиқ" китобига ёзган ҳошияси "Минҳат ул-Холиқ"да уч салом билан ўқиладиган олти ракъатли аввобин намозида "Фотиҳа сураси"дан кейин биринчи ракъатда "Кофирун" сураси бир марта, иккинчи ракъатда "Ихлос" сураси ўқилади, деб келтиради. Албатта, ушбу манбаларда зикр қилинган сураларни "аввобин" намозида ўқиган яхши, лекин улар ўрнига бошқа сура ўқилса ҳам бўлаверади. Валлоҳу аълам.