Биринчи ҳижри асрнинг иккинчи ярми ва иккинчи ҳижрий асрда Ислом дини дунё бўйлаб кенг тарқалди. Турли араб бўлмаган ҳалқлар ҳам мусулмон бўлдилар. Табиийки, улар ўзларига Қуръони Карим ва пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан шариат аҳкомларини чиқариб, тартибга солиш имконига эга эмаслар. Бир тарафдан тил билмайдилар, қолаверса, илмлари йўқ. Нима қилиш керак? Билганлардан сўраш керак. Шундай қилиб, аста-секин кишиларга диний ҳукмларни ўргатадиган, уларнинг саволларига жавоб берадиган кишилар ажралиб чиқа бошлади.

Кейинчалик шароит бутун бошли китоблар таълиф қилиш, масалаларни жамлаб баён қилишни ҳам тақозо қилиб қолди. Бу ҳақиқатни халифа Жаъфар Мансур ва Имом Молик ораларида бўлиб ўтган ҳодисадан ҳам билиб олсак бўлади. Имом Молик ибн Анас ёшликларида Жаъфар Мансур билан бирга ўқиган эканлар. Катта бўганларида йўллари турлича бўлиб, Имом Молик илмда, айниқса, фиқҳда улкан алломалик даражасига етиб, ҳамманинг ҳурматига сазовор бўлдилар. Оғайнилари ва ҳамдарслари бўлмиш Жаъфар Мансур Имом Молик билан мажлис қурди ва у кишига: " Яқин орада мен билан сендан илмлироқ одам йўқ, ўзинг кўриб турибсан, мен манови иш ила машғул бўлиб қолдим (яъни, халифалик). Сен одамларга диний ишларини енгиллаштириб берсанг ", деди. Имом Молик рози бўлдилар ва "Муватто" китобини таълиф қилдилар. Янаги ҳаж мавсумида "Муватто" китоби билан танишган халифа Жаъфар Мансур қойил қолди ва Имом Моликка: "Жуда яхши қилибсан, агар ҳохласанг, ҳамма одамларни шу китобга жамлайман", деди. Имом Молик: "Йўқ, ундай қилма, Расулуллоҳнинг саҳобалари ҳамма ёққа тарвалиб кетишди, уларнинг ҳар бири ўзи билан яхшиликни олиб кетди", дедилар.

Ушбу қиссадан кўриниб турибдики, ўша даврда ҳатто давлат бошлиғи ҳам кишиларга фиқҳий кўрсатмалар мажмуоси лозимлигини англаб етган. Уламолар, жумладан, Имом Моликдек забардаст олим ҳам бу заруратни тушуниб етганлар. Шунинг учун ҳам Ислом оламининг турли жойларида фиқҳ уламолари етишиб чиқа бошладилар. Мазкур уламолар ўз илмий ишларида фиқҳий ижтиҳодларига тўртта нарсани асосий манба қилиб олганлар.

Биринчиси: Қуръони Карим, фақиҳ Исломда бирор нарсанинг ҳукми қандай эканлигини билмоқчи бўлса, аввало Қуръонга мурожаат қилади. Унда нима ҳукм бўлса, ҳеч қандай иккиланишсиз қабул қилади.
Иккинчиси: Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) суннатлари. Агар фақиҳ ўша масалага жавобни Қуръондан топа олмаса, суннатга муржаат қилади. Уни топиб ҳукмини баён ҳам қилади.
Учинчиси: Ижмоъ-бир давирнинг иждиҳод аҳли бўлган уламоларнинг бир овоздан бирор масалани қабул қилишлариди. Мисол учун, Қуръони Каримни китоб шаклига келтириш зарурлиги Қуръоннинг ўзида ҳам пайғамбаримизнинг (с.а.в.) суннатларида ҳам таъкидланмаган. Аммо пайғамбаримиз (с.а.в.) вафотларидан сўнг урушларда Қуръонни ёд биладиган қорилар кўпдаб шаҳид бўлаётганидан ташвишланган ҳазрати Умарнинг (р.а.) таклифлари билан халифа Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) Қуръонни жамлаошг амр бердилар. Бунга ҳамма рози бўлари, ҳеч ким қарши чиқмади. Бу иш ижмоъ орқали амалга ошди.
Тўртинчи: Қиёс. Яъни, аввалги манбаларда ҳукми келмаган масалани, шунга ўхшаш манбаларда ҳукми бор нарсага қиёслаб ҳукм чиқариш. Мисол учун, Қуръонда хамр, яъни ўша вақтда узум, арпа, асал, хурмо каби нарсаларни ачитиш йўли билан олинадиган маст қилувчи ичимлик ҳаром қилинган. Уламолар шунга қиёслаб улардан бошқа маст қилувчи ичимликларни ҳам ҳаром деб атаганлар.

Ўша даврда кўплаб фақиҳлар етишиб чиққанлар. Уларнинг кўпчилиги ўзлари дунёдан ўтишлари биланфиқҳий ишлари ҳам қолиб кетган. Аммо мусулмонлар оммасига кенг тарқалган, шогирдлари ва орқасидан эргашувчилари кўп бўлган уламолар фиқҳий мазҳаб соҳиблари, деб тан олинган. Шулардан тўртталари бутун дунёга машҳур бўлганлар ва улранинг мазҳаблари мусулмонлар жумҳури томонидан расмий фиқҳий мазҳаблар, деб тан олинган:
1. Ҳанафий мазҳаби - Шом, Туркия, Туркистон, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш ва бошқа юртларда кенг тарқалган.
2. Шофеъий мазҳаби - Миср, Сурия, Индонезия, Малайзия, Филиппин, Тайланд ва баъзи Африка давлатларида тарқалган.
3. Моликий мазҳаби - Либия, Тунис, Жазоир, Мағриб, Мавритания, Нигерия ва бошқа Африка давлатларида торқалган.
4. Ҳанбалий мазҳаби - Арабистон ярим оролида тарқалган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари ҳақида кўп сонли ҳадислар ривоят қилинган ва фақиҳ уламолар ўзлари энг ишончли, деб топган ривоятга таяниб, намознинг у ёки бу рукнидаги бирор ҳаракатнинг бажарилиш тартибини белгилаган. Турли ривоятлар асос қилиниб олиниб, турли шаклда ўқилсада, намоздаги бу фарқлар фақат сиртқи шаклга алоқадор холос. Бунда намознинг моҳияти ва мақсади ўзгармайди.

Масалан имом Шофеъий мазҳабига кўра қиёмда турган эркак киши қўлларини қориннинг кўкрак қафасига яқин қисмига боғлаб туради. Ҳанафий мазҳабига кўра эса, қиёмда турган эркак киши қўлларини киндикдан пастда боғлаб туриши керак. Бу фарққа қарамасдан ҳар иккала мазҳабда ҳам қиёмда турган ҳолда фотиҳа сураси ўқилаверади. Шу сабабли аҳли сунна вал жамоа мазҳабларининг ҳар биридаги одам бошқа бир мазҳабда бўлган имомга эргашиб намоз ўқиши мумкин. Ҳанафий мазҳабидаги одам имом Шофеъий мазҳабида бўлган имомга эргашганида рукуъдан кейин ўқиладиган қунут дуосига эргашади. Бомдод намоозида шофеъий мазҳабидаги имом қунут дуосини ўқиса, эргашаётган ҳанафий мазҳабидаги одам сукут сақлаб туради. Умра ва ҳаж учун борилганида витр намозини ўқишда Масжидул Ҳаромнинг имомига иқтидо қилинади.

Шуни ҳам эслатиб ўтиш керакки, одамлар бир ишда бир мазҳабга, кейинги бир ишда бошқа мазҳабга эргашиш дуруст эмас. Бундай қилиш “талфиқ” дейилади, ва у мумкин эмасдир. Динда адашмаслик учун аҳли сунна вал жамоадаги тўртта мазҳабдан маълум бир мазҳабни ихтиёр қилиш ва фақат унга эргашиб, амал қилиш лозим.