Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг Аллоҳга ва Бану Одамдан бирортасига ҳожати бўлса, яхшилаб таҳорат қилсин, сўнгра икки ракъат намоз ўқисин. Кейин Аллоҳга сано ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтсин. Сўнгра: «Ҳалийму Карийм Аллоҳдан ўзга ҳеч илоҳу маъбуд йўқ. Улуғ Аршнинг Робби Аллоҳ покдир. Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Мен Сендан раҳматингни вожиб қилувчи, мағфиратингни тақозо қилувчи нарсаларни ва ҳар бир яхшиликдан ғаниматни, ҳар бир ёмонликдан саломатни сўрайман. Менинг ҳеч бир гуноҳимни қўймай мағфират қилгин, ҳеч бир ғамимни қўймай кушойиш қилгин, Ўзинг рози бўлган ҳеч бир ҳожатимни қўймай, албатта чиқаргин. Ё Арҳамар Роҳимийн», десин», дедилар». . (Ҳадисни Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган)

Юқоридаги ҳадисга кўра мусулмон одамнинг Аллоҳдан сўрайдиган ёки бирорта одам билан ҳал бўладиган ҳожати бўлса, яхшилаб таҳорат қилиб, икки ракъат намоз ўқиши мандубдир. Бу намоз "ҳожат намози" дейилади. Унинг шанба куни эрта тонгда, бомдод намози вақти киришидан олдин ўқилиши афзалдир, чунки Имом Ибн Ҳажар «Бу намозни шанба куни саҳар чоғи ўқиб, сўнг эҳтиёжига кушойиш сўраш мандубдир, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким шанба куни эрталаб эҳтиёжини сўраса, сўрагани ҳал бўлади. Унинг ҳожати раво бўлишига мен кафилман», деб марҳамат қилганлар», деган.

Ҳожат намози ўқиб бўлингач, саломдан кейин қуйидаги дуо ўқилади:
َا إِلَهَ إِلَّا اللهُ الْحَلِيمُ الْكَرِيمُ، سُبْحَانَ اللهِ رَبِّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِ، الْحَمْدُ لِلَّه رَبِّ الْعَالَمِينَ: أَسْأَلُكَ مُوجِبَاتِ رَحْمَتِكَ، وَعَزَائِمَ مَغْفِرَتِكَ، وَالْغَنِيمَةَ مِنْ كُلِّ بِرٍّ، وَالسَّلَامَةَ مِنْ كُلِّ إِثْمٍ، لَا تَدَعْ لِي ذَنْبًا إِلَّا غَفَرْتَهُ، وَلَا هَمًّا إِلَّا فَرَّجْتَهُ، وَلَا حَاجَةً هِيَ لَكَ رِضًا إِلَّا قَضَيْتَهَا يَا أَرْحَمَ الرَّاحِمِينَ.

«Лаа илааҳа иллаллоҳул ҳалиймул карийм. Субҳааналлоҳи роббил ъаршил ъазийм. Алҳамду лиллааҳи роббил ъааламийн. Асъалука мужибаати роҳматика ва ъазоима мағфиротика вал ғониймата мин кулли биррин, вас-салаамата мин кулли исмин, лаа тадаъ лий занбан илла ғофартаҳу, ва лаа ҳамман илла фаррожтаҳу, ва лаа ҳаажатан ҳия лака ризон илла қозойтаҳа, йаа арҳамар роҳимийн!» деб, ҳожати айтиб дуо қилинади.

Ушбу дуо юқоридаги ҳадис матнида келган таржиманинг ўзидир. Ҳадис ривоятида Ибн Можа «йаа арҳамар-роҳимийн» жумласидан сўнг «кейин дунё ва охират ишларини истаганича сўрайди, чунки улар (сўраган нарсалари) унинг тақдирига битилади» деган жумлани қўшимча қилган.

Юқоридаги дуо ёддан, бошқа нарсага чалғимасдан ўқилиши афзал. Бу дуо билан энди танишаётганлар бўлса, ёдлаб олгунларича қоғоздан ёки бошқа бирор нарсадан дуо матнини ўқиб туриб дуо қилишлари мумкин. Агар киши узрли бўлиб, бунга ҳам қодир бўлмаса, қуйидаги қисқароқ дуони ўқиши ҳам мумкин:

«Аллоҳумма инний асалука ва атаважжаҳу илайка бинабиййика Муҳаммадин набиййир роҳмати, йаа Муҳаммаду, инний таважжаҳту бика илаа роббий фий ҳаажатий ҳаазиҳи фатақзи лий. Аллоҳумма, шаффиъҳу фиййа» (Ҳадисни Имом Аҳмад ривоят қилган)

Маъноси: «Аллоҳим, мен Сенга юзланиб, Сендан пайғамбаринг, раҳмат набийси Муҳаммад алайҳиссалом билан васийла қилиб сўрайман. Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мен бу ҳожатим раво бўлиши учун сиз билан Роббимга юзландим Аллоҳим, у кишини менга шафоатчи қил».