“Истихора” сўзи луғатда “хайр, яъни яхшиликни талаб қилиш” деган маънони англатади. Мусулмон киши икки ишдан қайси бирини қилишини билмай қолганида хайрлисини танлаш учун икки ракат истихора намози ўқийди. Бу намозни ҳар бир мубоҳ ишдан олдин ўқиш мустаҳабдир. Шариатга тўғри келмайдиган ишни қилиш ёки қилмаслик учун истихора намози ўқиб бўлмайди, балки бундай ишга мутлақо яқинлашмасликга ҳаракат қилинади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳамма ишларда истихора қилишни худди Қуръондан сурани ўргатгандек ўргатар эдилар. У зот: “Қачон бирингиз бир иш қилмоқчи бўлса, фарз намоздан бошқа икки ракат намоз ўқисин. Сўнг “Аллоҳим, албатта, Сендан илминг ила истихора қиламан. Сенинг қудратинг ила қудрат сўрайман. Сендан улуғ фазлингдан сўрайман. Албатта, Сен қодир бўлурсан, мен қодир бўлмасман. Сен билурсан, мен билмасман. Сен ғайбларни ўта яхши билувчи зотсан. Аллоҳим! Агар ушбу иш динимда, маошимда ва ишим оқибатида яхши эканини билсанг (ёки ҳозирги ишимдаю, келгусида) уни менга тақдир қилгин, менга осон эт, сўнгра уни мен учун баракали қилгин. Агар ушбу иш динимда, маошимда ва ишим оқибатида (ёки ҳозирги ишимдаю келгусида) ёмон эканини билсанг, уни мендан буриб юбор, мени ундан буриб юбор. Ва менга қаерда бўлса ҳам яхшиликни тақдир қил, сўнгра мени унга рози қил”, десин ва ҳожатини айтсин”, дедилар”. . (Ҳадисни Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилган)

Шарҳ: Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорийдан ривоят қилинган ушбу ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ишларни тўғриси зоҳир бўлмаган нарсаларда Аллоҳга қайтиш, ҳар қандай муҳим ишларда Ундан маслаҳат талаб қилишни ўргатмоқдалар. Бу истихорани таълим беришда худди Қуръон сураларини таълим бергандек ғоят аҳамият қилардилар. Агар бандага бирор иш мушкул бўлиб, тўғриси қайси нарсада экани ноаниқ бўлиб қолса, туриб икки ракат намоз ўқиб, Аллоҳга юзланиб, у ишни ҳақиқатини очиб беришини талаб қилиб, албатта сўраётганида Холиқга сано айтиб, дуо қилиб, ўша дуосида тазарруъ ва бўйин эгиб, махлуққа хос синиқ ҳолда туришини уқтирмоқдалар. Чунки инсон ўзига фойда ҳам зарар ҳам келтира олмайди. Демак, мусулмон киши Раббисига юзланаётганида ўша истихора қилиб сўраётган нарсаси дини ва дунёсида яхшилик бўлса ўша ишни осон бўлишини, бордию дини, дунёси, ҳаёти ва охиратида ёмон бўлса қалбидан у нарсани бошқа нарсага буриб юборишини сўрамоғини уқтирмоқдалар. Бу нарса фақат бандани Раббисига бўйсуниши ва убудийятга иқрор бўлишининг бир намунасидир. Аллоҳ фазлини ўз бандалари устида доим бўлишини яхши кўради. Бандаларнинг ўша фазлга етишиш учун фақат Унга юзланиб, фазлини талаб қилишса кифоя. Чунки Аллоҳ таоло бандаларини қўл чўзишганида ноумид қайтаришдан азизроқдир.

Киши иcтихора намозини ўқигандан кейин мазкур иш ҳақида ўйламай, Аллоҳ ихтиёр қиладиган нарсани кутиб юради. Кейин кўнглига тушиб, ўзига маъқул бўлиб ёки ўша ишга олиб борувчи шароитлар осонлашиб, қилгиси келиб қолса, қилади. Агар иш бир тарафга бўлмай туриб қолса, истихора намозини яна қайтадан ўқийди. Қайта ўқиш етти мартагача бўлиши мумкин. Афзали истихорани уч кундан етти кунгача кетма-кет қилинади. Агар ундан кейин ҳам қалб бир нарсага таскин топмаса, бир тараф ғолиб бўлгунича истихора давом этилаверади ва ишни қилишдан тўхтаб турилади. Аслида «истихора фалон кунгача қилинсин» деган муайян муддат йўқ. Ҳатто Умар розияллоҳу анҳу бир ой кетма-кет истихора қилганлар. Агар бир ойдан кейин ҳам шарҳи содр, қалби таскин топмаганида истихорани давом эттирган бўлар эдилар. (Роҳматуллоҳил васиъа)

Истихоранинг натижаси ва намознинг қабул бўлганининг аломатлари: Уламолар истихора борасида «Истихоранинг таъсири шунчаликки ким бирор ишни қилишда иккиланиб тараддудга тушган бўлса, суннатга мувофиқ қилинган истихорадан икки фойда бўлади.
1.-Қалб қайсидир бир ишга ҳотиржам бўлади.
2.-Қилинадиган ишнинг сабабларини Аллоҳ таоло муҳайё қилиб қўяди» деганлар.
Баъзи уламолар «Истихора қилгандан кейин инсоннинг қалби бир тарафга таскин топади. Фаразан бир тарафга таскин топмаса ҳам истихорадан кўзланган мақсад ҳосил бўлади. Чунки банда истихора қилишнинг ўзи билан Аллоҳ таоло бандага унинг фойдаси учун бўладиган ишни муяссар қилади. Мабодо киши бир ишни яхши деб билсаю, Аллоҳ таоло унга бирор тўсиқни пайдо қилиб бандани ундан буриб қўйса, банда билсинки унда яхшилик йўқдир. Ўша тўсиқ истихоранинг баракоти туфайли пайдо бўлган тўсиқ ҳисобланади» деганлар.

Истихора қилинганидан кейин ҳам зиён кўрилса. Бирор киши истихора қилиб қалби таскин топганидан кейин ўша ишни қилиб зоҳирида зарар кўрса ҳам қилган истихораси тўғрисида нотўғри гумонга бормасин. Макҳуул Аздий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: «Мен Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг «Баъзи вақт инсон Аллоҳ таолога қайси иш менга яхши бўлса ўшани менга насиб қилгин – деб истихора қилади ва Аллоҳ таоло у учун фойдали бўлган ишни унга насиб қилади. Кейинчалик кишига у иш машаққатли ва зарарли кўринади. Шунда банда норози бўлади. Лекин бироз вақт ўтгач Аллоҳ таоло у учун яхшиликни ирода қилгани намоён бўлади. Аллоҳ таолонинг чиқарган ҳукми шак-шубҳасиз тўғридир, унинг оқибати яхши эканлиги баъзи вақт бу дунёда зоҳир бўлса, баъзи вақт охиратда билинади» деганларни эшитдим» дедилар. (Зуҳд китобидан)

Истихора намози ҳақидаги нотўғри тушунчалар:
Истихора қилиш аслида жуда ҳам осон иш. Лекин шайтон шунга ҳам аралашган ва одамларда бир неча нотўғри фикрлар пайдо бўлган. Ҳалқ орасида тарқалган асоссиз фикрларнинг айримлари:
1. "Икки ракат ўқиб ҳеч ким билан гаплашмасдан ухлаш керак, акс ҳолда истихоранинг фойдаси бўлмайди", деб ўйлаш. Уламолар икки ракат намоз ва ҳадисда ўргатилган дуо билан истихора қилиш мустаҳаб амалдир», дейишган. Ўша намоз икки ракат бўлиб, фарз намозидан олдинги ёки кейинги равотиб суннат намозларида, таҳиййатул масжид ёки бундан бошқа нафл намозларида ҳам ҳосил бўлаверади.
2. "Истихора ўқиган одам уйқуга ўнг тараф билан ётиш керак; Қиблага юзланиб ётиш керак", деб ишониш. Таҳоратли бўлиб, қиблага юзланиб, ўнг томон билан ётиш ухлашнинг одобларидан эканлигида шак йўқ. Лекин истихора қилган кечаси шундай ҳолатда бўлиши шарт деган тушунча нотўғридир. Уйқуга ётган кишининг ўнг ёнбоши билан, юзини қиблага буриб ётиши шариат одобларидан бўлиб, истаганлар истихора ўқишни кутмасдан ҳам амал қилаверадиар.
3. "Уйқусида мақсадига ишора қилувчи тушни кутиш керак; Тушда фалон рангни кўрса яхши, фалон ранг ёмон; Тушига бирор улуғ одам кириши керак ва ҳ.к", деб ишониш. Истихора қилган иши ҳақда туш кўриши ҳам мумкин, лекин туш кўриш шарт қилинмайди. Истихора намози тўғрисидаги келган ривоятларда туш кўриш ҳақида бирор аниқ хабар келмаган.
Юқоридаги каби фикрларнинг истихорага алоқаси йўқ, ҳадис орқали ҳам собит бўлмаган. Баъзи китобларда шундай гаплар келган бўлса, таҳқиқ қилинмасдан ёзилган бўлади. Кўпчилик «истихора фақат жуда муҳим ва катта ишлар тўғрисида ёки инсон қилиш-қилмасликда иккиланиб қолган ўринлардагина қилинади» деб ўйлашади. Масалан никоҳ, тижорат, катта нарсаларни сотиб олишлардагина қилишади. Чунончи авом халқ саноқли ўринлардагина истихорадек суннат амалини қилишга муваффақ бўладилар.

Ваҳоланки истихоранинг таржимасидан ҳам маълумки, истихора Аллоҳ таолодан хайр барака тилаш ишидир. Уни инсон кечаю-кундуздаги барча ишларида Аллоҳ таолодан сўраши керак. Хоҳ у қилмоқчи бўлган иши кичик ёки катта бўлсин, иккиланмаётган ҳам бўлсин, ўзининг наздида кичик деб ҳисоблаётган бўлсин ёки қилса яхшилиги аниқ бўлсин ёки қилишга мажбур бўлсин барчасида истихора билан бошласа, аввало суннатга амал қилган бўлади ва истихоранинг баракотидан насибадор бўлади. Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ «Қачонки бирор киши менга савол билан мурожаат қилса, жавоб беришдан аввал бироз тўхтайман ва «Бу инсоннинг асл ҳолати Ўзинга маълум, бу киши учун нима фойда ва нима зарарлиги ҳам Ўзинга маълум, бунинг масаласи жавоби нима бўлишини менинг қалбимга солгин, унутган бўлсам эслатгин» деб Аллоҳга боғланаман» деганлар. Бу ҳам бир жиҳатдан, ўзига хос истихора ҳисобланади.

Истихора намозининг биринчи ракатида Фотиҳа сурасидан кейин Кофирун сурасини, иккинчи ракатда Ихлос сурасини ўқийди. Агар бу сураларни билмаса, Қуръондан ўзи билган бошқа сурани ўқиши ҳам мумкин.

Истихора намози ўқиб бўлингач, саломдан кейин қуйидаги дуо ўқилади:
اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْتَخِيرُكَ بِعِلْمِكَ، وَأَسْتَقْدِرُكَ بِقُدْرَتِكَ، وَأَسْأَلُكَ مِنْ فَضْلِكَالْعَظِيمِ، فَإِنَّكَ تَقْدِرُ وَلَا أَقْدِرُ، وَتَعْلَمُ وَلَا أَعْلَمُ، وَأَنْتَ عَلَّامُ الْغُيُوبِ،اللَّهُمَّ إِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا الْأَمْرَ خَيْرٌ لِي فِي دِينِي، وَمَعَاشِي،وَعَاقِبَةِ أَمْرِي أَوْ عَاجِلِ أَمْرِي وَآجِلِهِ، فَاقْدُرْهُ لِي، وَيَسِّرْهُ لِي، ثُمَّ بَارِكْلِي فِيهِ، وَإِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا الْأَمْرَ شَرٌّ لِي فِي دِينِي، وَمَعَاشِي،وَعَاقِبَةِ أَمْرِي أَو فِي عَاجِلِ أَمْرِي وَآجِلِهِ، فَاصْرِفْهُ عَنِّي، وَاصْرِفْنِيعَنْهُ، وَاقْدُرْ لِيَ الْخَيْرَ حَيْثُ كَانَ، ثُمَّ أَرْضِنِي

“Аллоҳумма инний астахийрука биъилмика ва астақдирука биқудротика ва ас’алука мин фазликал ъазийм. Фаиннака тақдиру ва ла ақдиру ва таъламу ва ла аъламу ва анта ъалламул ғуйуб. Аллоҳумма ин кунта таъламу анна ҳазал амро хойрун лий фий дийний ва маъаший ва ъақибати амрий, ъажили амрий ва ожилиҳи, фақдурҳу лий ва яссирҳу лий, сумма барик лий фийҳи ва ин кунта таъламу анна ҳазал амро шаррун лий фий дийний ва маъаший ва ъақибати амрий, ъажили амрий ва ожилиҳи фасрифҳу ъанний вақдурлил хойро ҳайсу кана сумма роззиний биҳ” деб, ҳожати айтилади.

Маъноси: “Аллоҳим, Сенинг илминг билан Сендан яхшилик сўрайман. Сенинг қудратинг билан Сендан қодирлик ва улуғ фазлингни сўрайман. Сен (ҳар нарсага) қодирсан, мен қодир эмасман. Сен (ҳар нарсани) билувчисан, мен билмайман. Сен ғайбни билувчисан. Аллоҳим, агар мана шу қилаётган ишим (ҳожатининг номини айтади) динимда, яшашимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун яхши бўлса, уни менга насиб эт ва осон қил. Сўнг уни менга барокотли қил. Агар мана шу ишим (ҳожатининг номини айтади) динимда, яшашимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун ёмон бўлса, мендан уни узоқлаштир, қаерда бўлса ҳам, мен учун яхшиликни тақдир қил ва мени ундан рози эт”.

Юқоридаги дуо ёддан, бошқа нарсага чалғимасдан ўқилиши афзал. Бу дуо билан энди танишаётганлар бўлса, ёдлаб олгунларича қоғоздан ёки бошқа бирор нарсадан дуо матнини ўқиб туриб дуо қилишлари мумкин. Агар киши узрли бўлиб, бунга ҳам қодир бўлмаса, қуйидаги дуони айтиши керак:

Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон бир иш қилишни хоҳласалар: اللهُمَّ خِرْ لِي وَاخْتَرْ لِي
«Аллоҳумма хир лий вахтар лий», деб айтардилар».
(Ҳадисни Имом Термизий заиф санад билан ривоят қилган)
Маъноси: Аллоҳим, менга яхшиликни ихтиёр қил.