Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳуга: «Эй Билол, Исломга кирганингдан кейин савобини энг умид қиладиган амалингни менга гапириб бер. Чунки мен жаннатда олд томонимдан кавушинг овозини эшитдим», дедилар». Шунда Билол розияллоҳу анҳу: «Амалларим ичида савоби умид қилинадиган энг яхши амалим, агар кечаси ёки кундузи мен (таҳорат қилибми, ғусл ёки таяммум қилибми) покланадиган бўлсам, ана шу поклик билан насиб қилганича намоз ўқир эдим», дедилар. . (Ҳадисни Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган)

Уқба ибн Омир ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир одам яхшилаб таҳорат қилсаю, қалби ва юзи ила иқбол қилган ҳолда икки ракат намоз ўқиса, албатта унга жаннат вожиб бўлади”, дедилар. (Ҳадисни Имом Абу Довуд ривоят қилган)

Одатда таҳорат қилиб бўлгандан сўнг ўқиладиган намоз “Шукри вузуъ” (таҳоратнинг шукри) дейилади. Бу икки ракатли намозда ўқиш учун махсус суралар шарт қилинмаган.