Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз масжидга кирса, ўтиришдан олдин икки ракат намоз ўқисин”, дедилар” (Ҳадисни Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд ва Насоий ривоят қилган)

Намозхон масжидга кирганида агар фарз намозлари ўқилмаётган бўлса, масжидга салом бериш маъносида ўқийдиган намози “таҳийятул масжид” дейилади. Бу намозни икки ёки тўрт ракат ўқиса бўлади. Агар масжидга кирган киши жамоатнинг равотиб суннатларни ёки фарзни ўқиётганини кўрса, таҳийятул масжид намозини шу суннат ёки фарзларга қўшиб ният қилиши мумкин. Шу билан у суннат ва ёки фарзга қўшиб таҳийятул масжидни ўқиганлик савобини олади. Таҳийятул масжид намозини масжидга кирган киши ўтирмасдан олдин ўқиши суннат ҳисобланади. Унутиб ўтириб олган бўлса, ёдига тушганида туриб ўқийверади. Бу намозда маълум сураларни ўқиш шарт қилинмаган.

У қуйидаги пайтларда ўқилмайди:
– Қуёш чиқаётган, қиёмга (тиккага) келган ва ботаётган вақтларда;
– Аср намозини ўқиб бўлгандан кейин Шом намозини ўқиб бўлгунча;
– Бомдод намозини вақти киргандан бошлаб қуёш чиққунигача;
– Имом хутба ўқиётган пайтда;
– Ҳайит куни қуёш чиққандан кейин, токи ҳайит намози ўқилгунигача.

Бордию киши масжидга бир кунда бир неча бор кирадиган бўлса, таҳиятул масжид намозини бир кунда бир марта ўқиса кифоя қилади. Масжидга кирганда бирор узр билан таҳийяти масжид намозини ўқий олмаса,“Субҳааналлоҳи, валҳамду лиллаҳи, ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Аллоҳумма солли васаллим ъала набиййинаа Муҳаммад”ни айтса масжид ҳаққини адо қилган бўлади.