Таровеҳ намози

Рамазон ойида ўқилиши фарз булган хуфтон намозидан кейин, вожиб бўлган витр намозидан олдин ўқиладиган намоз "таровеҳ" намози дейилади. «Таровеҳ» сўзи луғатда "ором олиш" маъносини билдирадиган "тарвеҳа" сўзининг кўплигидир. Таровеҳ намозининг ҳар тўрт ракатидан кейин дам олингани учун бу намозга шундай ном берилган.

Таровеҳ намози йигирма ракатли суннати муаккада намоздан иборат. Вақти хуфтон намози ўқилганидан кейин, токи бомдод намози вақти киргунча. Таровеҳ намозининг вақти чиқиб кетса, қазоси ўқилмайди. У икки ракатдан қилиб ўқилади. Таровеҳнинг ҳар икки ракати мустақил намоз бўлиб, уларга алоҳида ният қилинади.

Ҳар тўрт ракат ўқиб бўлинганда, тўхталиб, истироҳат қилинади. Намозхон бу ўтириши вақтида ёки зикр қилади, ёки сукут сақлайди. Бизда бу вақтда мана бу кўринишдаги тасбеҳлар айтилади:
«Субҳаана зил мулки вал малакуути, субҳаана зил ъиззати ва ъазомати вал қудроти вал кибрийааи вал жабаруути, субҳаанал маликил ҳаййил лазий лаа ямууту, суббууҳун қуддуусур Роббунаа ва Роббул малаикати вар рууҳи, лаа илааҳа иллалоҳу настағфируллоҳ нас-алукал жанната ва наъуузу бика минан наар».

Таровеҳ намозини масжидда адо қилиш афзал. Маҳалла одамлари учун таровеҳ намозини жамоат бўлиб ўқишлари суннати кифоя булиб ҳисобланади. Бунинг маъноси: айримлар жамоат булиб таровеҳ намозини ўқиганида, қолган кишилар зиммасидан бу суннат соқит бўлади. (Шу билан бирга шу жойдаги ҳеч ким бу намозни ўқимаса, маҳалладаги ҳамма суннатни тарк қилган ҳисобланади.)

Таровеҳ намозларида Қуръони Каримни бир марта тўлиқ хатм қилиш рамазон ойининг суннат амали бўлиб ҳисобланади. Фотиҳа сурасидан кейинги зам сурани узун оятдан бир оят, қисқа оятдан уч оят миқдоридан кам ўқиб қўйиш ҳаромга яқин макруҳдир. Чунки бунда вожибни тарк қилиш бор. Таровеҳ намози рўзадаги суннат эмас, балки рамазон ойининг суннатлардандир. Шунга кўра таровеҳ намозини ўқиш рўза тутмаган бетоб ёки мусофир зиммасида ҳам суннат бўлади (бу икки тоифа рўза тутишлари шарт эмас бўлгани ҳолда). Ҳайз ёки нифос кўраётган аёллар агар кун охирига бориб пок бўлишса, таровеҳни ўқишлари суннат ҳисобланади.