Икриманинг Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аббосга қарата: “Эй Аббос! Эй амакигинам! Сенга ато этайми? Сенга инъом қилайми? Сенга лутф кўрсатайми? Сени ўнта хислатли қилиб қўяйми? Сен ўшаларни қилсанг, Аллоҳ сенинг гуноҳингни – аввалгисию охиргисини, қадимгисию янгисини, хатосию қасдданини, кичигию каттасини, махфийсинию ошкорини мағфират қилади. Ўша ўн хислат – тўрт ракат намоз ўқишдир. Ҳар ракатда Фотиҳани ва бир сурани ўқийсан. Биринчи ракатда қироатдан кейин, тик турган ҳолингда: “Субҳааналлоҳ, валҳамду лиллааҳ ва лаа илааҳа иллалоҳу валлоҳу акбар” деб ўн беш марта айтасан. Сўнг руку қиласан ва рукуда турган ҳолингда шуни яна ўн марта айтасан. Сўнгра бошингни рукудан кўтариб, шуни яна ўн марта айтасан. Кейин саждага йиқиласан ва сажда қилган ҳолингда шуни яна ўн марта айтасан. Сўнг бошингни саждадан кўтариб, шуни яна ўн марта айтасан. Кейин сажда қилиб, шуни яна ўн марта айтасан. Сўнг бошингни кўтариб (ўтириб), шуни яна ўн марта айтасан. Ана шу бир ракатда етмиш бештадир. Тўрт ракатда ҳам шундай қиласан. Агар бу намозни ҳар куни ўқий олсанг, шундай қил. (Ҳар куни шундай) қила олмасанг, ҳар жумада бир марта ўқи. Агар уни ҳам қила олмасанг, ҳар ойда бир марта ўқи. Агар буни ҳам қила олмасанг, ҳар йили бир марта ўқи. Агар уни ҳам қила олмасанг, умрингда бир марта ўқи” дедилар. (Ҳадисни Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривоят қилган)

Баъзи уламолар тасбеҳ намози ҳақидаги ҳадиснинг ривоят қилинган йўлларини заиф дейишган. Заҳабий ушбу ҳадисни келтирган, аммо бу ҳақда фикр билдирмаган. Ибн Аббоснинг тасбеҳ намози ҳақидаги ҳадиси ҳасан ҳадиснинг шартларига яқиндир. Лекин биргина ровий тарафидан ривоят қилингани, тасбеҳ намозининг ўқилиш тартиби бошқа одатда ўқиладиган намозлардан ўзгачалиги учун шозз саналади.

Ибн Абу Сайф Яманий “Ал-ламъа фии рағоиби йавмил жумуъа” китобида Термизийнинг қуйидаги гапларини келтиради: “Тасбеҳ намозини жума куни завол пайтида ўқиш мустаҳабдир. Биринчи ракатда Фотиҳадан кейин Такасурни ўқийди, иккинчисида Вал-асрни, учинчисида Кофирунни, тўртинчисида Ихлосни ўқийди”.

Абу Усмон Хайрий Зоҳид: “Қийинчиликлар ва ғам-ғуссалар учун тасбеҳлар намозидан яхши нарса кўрмадим”, деган.

Тасбеҳ намозида сано ўқилганидан кейин 15 бор «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар»ни ўқилади. Сўнг Фотиҳа ва зам сураси ўқилади. Рукуъга кетишдан аввал 10 бор «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» ўқилади. Рукуъда 3 бор одатда айтиладиган тасбеҳ айтилгач, 10 бор «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар»ни айтилади. Сўнг рукуъдан қавмага қайтилади, “Роббаналакал ҳамд”ни айтганидан кейин саждага кетишдан аввал 10 бор «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар»ни айтилади. Сўнг саждага борилиб, сажданинг одатда айтиладиган тасбеҳини уч бор айтгандан кейин 10 бор «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» айтилади. Биринчи саждадан бошни кўтариб, жалсага ўтирилади ва жалсада 10 бор «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» айтилинади. Иккинчи бор саждага кетилади, яна сажданинг одатда айтиладиган тасбеҳини уч бор айтгандан кейин 10 бор «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» айтилинади. Шу билан 75та тасбеҳ айтилган бўлади. Иккинчи ракъатга турганда ҳам учинчи ва тўртинчи ракъатларга турганда ҳам Фотиҳа сурасини бошлашдан аввал 15тадан «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар»ни айтилади ва қолганини юқорида зикр қилинганидек давом этирилаверади. Шундай қилиб 4 ракъатда жами 300 марта тасбеҳ айтилади.

Бу намоз ҳам бошқа нафл намозлари каби қуйидаги пайтларда ўқилмайди:
– Қуёш чиқаётган, қиёмга (тиккага) келган ва ботаётган вақтларда;
– Аср намозини ўқиб бўлгандан кейин Шом намозини ўқиб бўлгунча;
– Бомдод намозини вақти киргандан бошлаб қуёш чиққунигача;
– Имом хутба ўқиётган пайтда;
– Ҳайит куни қуёш чиққандан кейин, токи ҳайит намози ўқилгунигача.

Тасбеҳ намозини жума куни завол пайтида ўқиш афзалдир.