Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадис эшитсам, Аллоҳ менга ундан ўзи хоҳлаганича наф берадиган одам эдим. Қачон у зотнинг саҳобаларидан бири менга ҳадис айтса, мен ундан (гапи тўғрилигига) қасам ичишни талаб қилар эдим. Агар у қасам ичса (гапини) тасдиқ қилар эдим. Албатта, шаън шулки, менга Абу Бакр бир ҳадис айтди. Зотан у содиқдир: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, қайси бир одам гуноҳ қилиб қўйиб, сўнгра туриб, таҳорат қилиб намоз ўқиса, кейин Аллоҳга истиғфор айтса, албатта, Аллоҳ уни мағфират қилади», деганларини эшитдим. Сўнгра у зот: «Улар қачон фаҳш иш қилсалар ёки ўзларига зулм қилсалар, Аллоҳни эсларлар ва гуноҳларига истиғфор айтурлар» оятини қироат қилдилар», деди». . (Ҳадисни Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган)

Нафл намозлари орасида тавба намози ҳам мавжуд бўлиб, у ҳам худди беш маҳалги намозлар қандай ўқилса, шундай адо этилади. Тавба намози – камида икки ракатли қилиб ўқилади, лекин кўпроқ ракатли қилиб ҳам ўқиш мумкин. Гуноҳ содир қилган инсон ушбу намозни чин дилдан пушаймонлик билан, кейинчалик ўша гуноҳларини яна такрорламасликка қатъий аҳд қилган ҳолда ўқиши лозим. Тавба намози ўқиш учун энг муносиб вақт — кишидан гуноҳ содир бўлган заҳоти, тезлик билан ўқилишидир. "Тавба намози" намоз ўқиш макруҳ бўлмаган ҳар қандай вақтларда адо этилиши мумкин. Лекин тавба намозини ўқишнинг энг афзал вақти – пайшанбадан жумага ўтар кечаси, Арафа кунидан илгариги кеча, шунингдек, қадр ва бароат кечалардир.

Аслида тавба намозсиз ҳам, гуноҳ ишнинг изидан хоҳлаган пайтда бўлиши талаб қилинади. Лекин намоз билан бўлгани кучли ва қабули осон тавбадир. Намоз мўминнинг қуроли, дейилгани ҳам шундан. Мўмин киши намоз билан ҳар қандай қийин нарсага ҳам осонлик билан эриша олади. Ожиз банда гуноҳ иш қилиб қўйса, иймони уни дарҳол тавбага чақириши керак. Қилиб қўйган гуноҳининг афсусида қолган мўмин инсон дарҳол таҳорат қилиб тавба намозининг ниятида икки ракъат намоз ўқиб олишга ўтмиши керак. У гуноҳига надомат қилиб, намозида чин қалбдан тавба қилиб, Аллоҳга роз айтиб, иккинчи бу гуноҳни қайта қилмасликка қатъий аҳд қилса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳини мағфират қилишидан умид қилинади.

Тавба намози ўқиб бўлингач, саломдан кейин саййидул истиғфор дуоси ўқилади.

اللَّهُمَّ أًنتَ رَبِّي لَا إِلَهَ إِلًّا أَنتَ، خلَقتَنِي وَ أَنَا عَبدُكَ، وَ أَنَا عَلَى عَهدِكَ وَوَعدِكَ مَا استَطَعتُ، أَعُوذُ بِكَ مِن شَرِّ مَا صَنَعتُ، وَأَبُوءُ لَكَ بِنِعمَتِكَ عَلَيَّ، وَأَبُوءُ لَكَ بِذَنبِي فَاغفِرلِي فَإِنَّهُ لَا يَغفِرُ الذُّنُوبَ إِلَّا أَنتَ

“Аллоҳумма анта Роббий. Лаа илаҳа илла анта, холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика мин шарри маа сонаъту. Абу-у лака би ниъматика ъалаййа ва абу-у бизанбий. Фағфирлий фа иннаҳу ла йағфиру-з-зунуба илла анта”

Маъноси: Эй Аллоҳ! Сен Роббимсан ва сендан ўзга илоҳ йўқ. Мен Сенинг қулингман. Мен қурбим етганича Сенинг аҳд паймонинг ва ваъдангда турибман. Ўзим қилган нарсалар ёмонлигидан сендан паноҳ тилайман. Сенинг менга берган неъматларингни ҳам, қилган гуноҳларимни ҳам эътироф этаман. Мени мағфират этгин. Албатта, фақат Сенгина гуноҳларни кечиргувчисан. .