Аллоҳ мусулмонларга жума намозини фарз қилиб буюрган. Жума намозини ўқиш шарт эканлигига далил Қуръони каримнинг Жума сураси, 9-оятида ҳам келади: "Eй, иймон келтирганлар. Жума кунидаги намозга чақирилган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони тўхтатинг".

Жума сўзининг луғатда "жамланиш, тўпланиш" каби маънолари бор. Жума куни Аллоҳ осмонларни, ерни, Одам алаҳиссаломни яратган. Шу кунда Одам атони жаннатга киритган, шу кунда у ердан чиқарган. Қиёмат ҳам жума куни бўлиши белгиланган. Шунингдек, ҳафтанинг ҳар Жума кунида дуолар тўхтовсиз қабул бўладиган соат бор. Банданинг яхшиликни сўраб қилган дуоси шу соатга тўғри келиб қолса, Аллоҳ бу дуони албатта ижобат қилади.

Жума куни пешин намозининг ўрнига, жамоат билан адо этиладиган намоз "жума намози" дейилади. Жума намози улуғлигидан уни фақир одамларнинг ҳажига тенглаштирилган. Жума намози имомнинг ортидан, унга эргашиб ўқиладиган икки ракат фарздан иборат. Бу намоздан олдин ва кейин тўрт ракатдан қўшимча, суннат намозлари ўқилади.

Жума намозини адо этиши фарз бўлган одамларда қуйдаги шартлар топилиши керак:

  1. Озод, ҳур, ихтиёри ўзида бўлган одам бўлиши керак. Қул ва маҳбусларга жума намозини ўқишлари шарт қилинмайди.
  2. Эркак киши бўлиши керак. Аёллар учун жума намозини ўқиш фарз эмас.
  3. Балоғат. Кичик гўдак бола учун жума фарз эмас.
  4. Соғлом бўлиш. Касал одамга жума фарз эмас.
  5. Кўзларнинг соғломлиги. Кўзи ожиз одамга жума фарз эмас.
  6. Икки оёғининг соғлом бўлиши. Оёғидаги хасталик сабабли жума намозига боришга қийналадиганга, ўтириб қолганга жума намози фарз бўлмайди.
  7. Офият, хотиржамликнинг бўлиши. Ўз жонига хавф сезиб турган одам, бирор фитна-зарар эҳтимоли бор бўлган одамга ҳам жума намози фарз эмас.
  8. Шаҳарда яшаётган бўлиши шарт. Бу ерда "шаҳар" дейилганида, намоз ёшига етган ҳамма аҳолисини шу жойда бор бўлган энг катта масжидга тўпланса, сиғмай кетадиган даражадаги жой тушунилади.
  9. Бу шаҳарнинг қозиси ёки амири бор бўлиши керак.
  10. Одам муқим яшовчи бўлиши керак. Агар юқорида келган шартлар топилса-ю, киши мусофир бўлса, бу одамга жума намозини ўқиш фарз эмас. Аммо бу мусофир одам борган шаҳрида 15 кундан кўп қолишни ният қилса, унга жума намозини ўқиш вожиб бўлади.

Жума намозини фарз қилувчи шартлар топилмаган одам жума намози ўрнига пешин намозини ўқийди. Агар ўз ихтиёри билан жума намозини ўқиса, намози ҳисобга ўтади; яна қайтадан пешинни ўқимайди. Бирор узр билан жума намозини ўқимаётган одам ўша куннинг пешин намозини имом жума намозини тугатганидан кейин ўқийди. Имом жума намозини ўқимасидан туриб, узрли одамнинг пешин намозини ўқиши макруҳдир.

Аёллар, ҳоҳ кексалари, ҳоҳ ёшлари бўлсин, жамоат бўлишлари макруҳ қилингани учун жума намози ўрнига пешин намозини ўқишлари афзал.

Жума намозининг дуруст бўлиши учун қуйдаги шартлар қўйилади:

  1. Жума шаҳар ёки шаҳар ҳукмидаги қишлоқда ўқилади. Шаҳар бўлиш шарти топилмаган қишлоқ аҳолиси йиғилиб, жума намозини ўқиса, бу намоз дуруст бўлмайди. Улар жума ўрнига пешин намозини қайтадан ўқишлари керак бўлади.
  2. Жума намозига имомлик қилувчи одам султон, амир ёки унинг ноиб-ёрдамчиси, ёки масжидга тайин қилинган имом бўлиши керак.
  3. Пешин намози вақти кирган бўлиши керак. Пешин вақтидан олдин ўқилган жума намози дуруст бўлмайди. Пешин вақти чиқиб кетганида жума намозининг ҳам вақти чиқиб кетади.
  4. Хутба ўқиш. Жума намозида хутба ўқиш шартдир. Битта хутба ўқилиши кифоя, аммо жума хутбасини иккита қилиш суннатдир. Хутбани намоздан олдин айтиш шарт қилинган. (▶хутба)
  5. Имомдан ташқади камида уч кишининг бўлиши. Жамоат камида уч киши билан ҳосил бўлади. Саноқдаги уч киши ақли жойида бўлган, балоғат ёшидаги эркаклардан иборат бўлиши керак. Фақат аёллар ва гўдак ёшдаги ёш болалардан иборат жамоат билан жума намозини ўқиб бўлмайди.
  6. Масжид ҳамма мусулмонлар учун очиқ бўлиши керак. Айрим мусулмонларнинг кириши чеклаб қўйилган, ҳудудига киришда бирорта шарт қўйиладиган масжидда жума намозини ўқиш дуруст бўлмайди.
  7. Жума намози ўқилиб турган вақтда келиб қўшилган одам қайси ҳолатда улгурса ҳам, жума намозига улгурган ҳисобланади. Лекин бундай одам имомнинг саломидан кейин бой берган қисмини ўзи алоҳида ўқиб, намозни охирига етказиб қўйиши керак. Жамоатга биринчи рукудан кейин, кечикиб қўшилган, намоз охирида имом салом бергач ҳам намознинг ўтказиб юборилган қисмини тўлдирмаган одамнинг жума намози дуруст бўлмайди. Бундай одам қайтадан пешин намозини ўқийди.

  1. Жума куни кечаси ва кундузи Қуръони каримнинг Каҳф сурасини тиловат қилиш;

  2. Жума намозига ғусл қилиб, хушбўй сепиб, ўзида бор энг яхши, намозга энг муносиб кийимини кийиб чиқиш;

  3. Жума намозига имкон қадар эртароқ келиш; Масжидда ҳозирланиб, жума намозини кутиб ўтириш;

  4. Жума куни кўп дуо қилиш. Жума кунида бир соат бўлиб, дуо шунга тўғри келиб қолса, бу дуо албатта ижобат қилинади.

  5. Пайғамбаримизга саловат ва саломни жума кунида кўп айтиш эса жума кунининг одобидир.

Жума кунида қилишдан қайтариладиган (макруҳ) амаллар қуйидагилар:

  1. Барча фисқ, гуноҳ ишлар. Аслида гуноҳни қилишдан ҳар қандай кунда, ҳар вақтда қайтарилган, лекин жума куни улуғлигидан, бу кунни ҳурматлаб, янада эҳтиёткор бўлиш керак. Аллоҳ фазилатли қилган вақтда содир бўлган гуноҳ ишнинг жазоси оддий вақтда қилинганидан кўра оғир бўлади.
  2. Жума намозига чиққанда одамларни оралаб, елкаларидан ҳатлаб олдинга ўтиш мумкин эмас. Бу иш фақат орқада ўтиришга жой қолмаганида олди томонда бўш жой бор бўлсагина мумкин.
  3. Имом хутба ўқиётганида гапириш мумкин эмас. Бу иш ҳаромга яқин макруҳдир. Бу гап ҳоҳ Аллоҳнинг зикри бўлсин, ҳоҳ дунёвий гап бўлсин, уни овоз чиқариб айтиш мумкин эмасдир. Хутба пайтида берилган саломга алик олинмайди. Агар имом саловат айтишга тарғиб қиладиган оятни ўқиса, овоз чиқармай, ичида саловат айтиб қўйилади. Имом икки хутба орасида ўтирган вақтида овоз чиқариб ҳам, қўл кўтариб ҳам дуо қилинмайди.
  4. Хутба вақтида намоз ўқиш мумкин эмас.

Хутба махсус сифатдаги ваз ва нисиҳатни ўз ичига олган каломдир. Хутба жума намозининг саҳиҳ бўлиш шартларидан биридир. Муфассир уламолар фикрича, Аллоҳ Таолонинг Қуръондаги "Эй иймон келтирганлар! Жума куни намозга нидо қилинганда, Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг. Агар билсангиз, бу ўзингиз учун яхшидир" оятида "Аллоҳнинг зикри"дан мурод хатибнинг ўқийдиган хутбасидир. Фақиҳлар наздида, ушбу оятга таянган ҳолда, жума намозидан олдин хутба қилиш фарздир.

Ҳакам ибн Ҳазн Кулафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васаллам билан жумга ҳозир бўлдик. У зот асо ёки камонга суянган ҳолда туриб, енгил, гўзал ва муборак калималар ила Аллоҳга ҳамду сано айтдилар. Сўнгра: «Эй одамлар, сизлар мен амр қилган нарсанинг ҳаммасига тоқат ҳам, амал ҳам қила олмайсизлар. Лекин собитқадам ва яхшиликни умид қилувчи бўлинглар», – дедилар». (Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.)

Хутбанинг шакли: Хутба жума намозининг икки ракат фарзидан олдин айтилади. Хутба бошида имом "Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм", деб ўзи ичида айтади. Кейин овозини чиқариб Аллоҳга ҳамд, сано айтади. Кейин икки шаҳодат калималарини ўқиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва саломлар йўллайди. Кейин одамларга гуноҳлардан сақланиш тўғрисида, Аллоҳнинг ғазаби ва азобидан огоҳлантириш мавзусида насиҳат қилади. Кейин уларга дунёдаги ва охиратдаги нажотга сабаб бўладиган ишларни эслатади. Авваламбор ўзини, кейин жамоатни тақвога чақиради. Кейин шу мавзудаги оятни тиловат қилади. Шу билан икки қисмдан иборат жума хутбасининг биринчи қисми якунланади. Бу вақтда қўлни кўтариб ҳам, овоз чиқариб ҳам дуо қилиш мумкин эмас.

Иккинчи хутба Аллоҳга ҳамд ва сано айтиш билан бошланади. Кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва саломлар айтилади. Сўнг барча мўмин-мъминалар ҳақларига дуо қилинади. Хутбани қисқароқ қилиб айтиш, намозни эса узунроқ қилиб ўқиш жума намозининг суннатларидандир.