Мусулмонларнинг икки ҳайит байрамидан бири бўлган қурбон ҳайити («ийд-ул-адҳа») мусулмон тақвимидаги зулҳижжа ойининг ўнинчи кунида нишонланади

Қурбон ҳайити ҳақида гапирганда эслатиб ўтиш лозимки, зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунлигида мусулмонлар яхши амалларни янада кўпроқ қилишга ҳаракат қилишлари керак. Ушбу ўн кунликда қилинган амаллар йилнинг бошқа кунларидаги яхши амаллардан устун туради. Зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни арафа куни дейилади. Бу кунда ҳожилар Арафотда турадилар. Арафа куни бомдод намозидан бошлаб, то қурбон ҳайитининг тўртинчи куни аср намозидан кейингача фарз намозларидан сўнг такбири ташриқни овоз чиқариб айтиш керак. Такбири ташриқнинг айтилиши: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд.»

Қурбон ҳайитида мусулмонлар жамоаси имкон қадар бирлашадилар. Бу муборак кунда такбир («Аллоҳу акбар») ва таҳлил(«Лаа илаҳа иллаллоҳ»)ларни кўп айтишга ҳаракат қилиш керак. Қурбон ҳайити кунининг хурсандчиликлари кун аввалидаги икки ракатли, жамоат билан ўқиладиган ҳайит намозидан бошланади. Қурбон ҳайити намозининг ўқилиш вақти қуёш эрталабки чиқиш ўрнидан бир найза бўйи кўтарилгандан бошлаб, токи қоқ туш вақтигачадир (пешин намозининг вақти кирганидан кейин қурбон ҳайити намозини ўқиб бўлмайди). Узрли сабаб билан кечиктирилган қурбон ҳайити намози ҳайитнинг иккинчи ёки учинчи кунида ўқилиши ҳам мумкин.

Қурбон ҳайити намозининг хутбасида имом жамоатга қурбонлик, такбир ва ташриқ тўғрисида тушунча беради. Шунингдек, одатда, имом-хатиб ҳайит намозидан олдинги жумада жамоатга шу нарсалар ҳукмини тушунтириб беради.

Қурбон ҳайитида икки ракатли «ийд-ул-адҳо» намозини ўқиш вожибдир. Киши ўзининг зиммасида қурбон ҳайити намозининг вожиб ёки йўқлигини билиш учун жума намозининг шартларидан мўлжал олиши мумкин: жума намозини ўқиши фарз бўлган одамлар учун қурбон ҳайити намозини ўқиш ҳам вожиб. Қурбон ҳайити намозини ўқиш мусулмон одамга вожиб бўлиши учун жума намозининг шартлари бу намозда ҳам бўлиши керак. Икки жиҳатдан қурбон ҳайити намози жума намозига хилоф бўлади:
1. Қурбон ҳайити намозида хутба ўқилиши суннатдир. (Жума намозида эса хутба ўқилиши шарт қилинган.)
2. Қурбон ҳайити намозида хутба намоздан кейин ўқилади. (Жума намозида эса хутба намоздан олдин ўқилади.)
Шунингдек, қурбон ҳайити намозида хутбадан олдин имомнинг бироз миқдорда ўтириши макруҳ ҳисобланади. (Бу ўтириш жума намозининг хутбасида суннат эди.)

Арафа куни (қурбон ҳайити кунидан бир кун олдин) бомдод намозидан бошлаб, қурбон ҳайитининг тўртинчи кунига қадар ҳар бир фарз намоздан кейин такбири ташриқ айтиш вожибдир. Такбири ташриқни айтишни эсидан чиқарган имомга жамоатдагилар овоз чиқариб айтиб, эслатишади). Такбири ташриқ мана бу шаклда айтилади: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд.»

Қурбон ҳайити кунида ҳайит намозигача ҳеч нарса емаслик суннатдир. Бунда намоздан қайтган одам ўзининг қурбонлиги гўштидан ейди. Қурбон ҳайити намозини ўқиш учун намозгоҳга чиқадиган одам олдиндан тишларини мисвок билан тозалаб, ғусл қилиб олиши суннат амаллардир.

Қурбон ҳайитини ўқиш мақсадида масжидга чиқиб борувчи одам овозини чиқариб, ёнидаги одамга эшитиладиган товуш билан такбир айтиши суннатдир. Бу такбир қуйдагича айтилади: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд.»

Намозгоҳга бир кўчадан бориб, бошқа кўчадан ортга қайтиш ҳам суннатдир. (Бу ишда ҳайитнинг файзини ва Аллоҳга айтиладиган тасбеҳларни атрофга кенгроқ ёйиш ҳикмати бор.) Ҳайит намозини ўқиш учун мусулмонлар бир жойга тўпланиб, елкама-елка, бирдамлик билан турадилар. Ҳайит намози ўқиладиган намозгоҳлар намоз ўқишга ҳозирлаб қўйилади. Ҳайит намози ўқилгунча нафл намоз ўқиш макруҳдир.

Шунингдек, қурбон ҳайити намозига чиқишда хушбўй ҳидли моддалар сепиб, покиза, янги-охорли кийимлар кийиб намозга бориш ҳам бу намознинг мустаҳабларидандир. Қурбон ҳайити билан мусулмонларни табриклаш фақат ҳайит намози ўқилганидан кейин қилинади.

Намоз тугагач: Қурбон ҳайити намози ҳозиргина ўқиб бўлинган намозгоҳда нафл намози ўқиш макруҳдир. Намоздан кейин ҳамма бир-бирини байрам билан қутлаб, бойлар камбағалларга икром кўрсатиб, ҳожатларини енгиллаштиради. Ҳайит кунларининг саодатли, байрам кайфиятида ўтишига эътибор берилади. Беморлар, ёши катта кексалар, аёллар ва болаларга байрам кайфиятини улашиш, ҳадялар бериш ҳам бу кунларнинг одобларидандир.