Мусулмонларнинг икки байрамидан бири бўлган рамазон ҳайити («ийд-ул-фитр») мусулмон тақвимидаги рамазон ойи тугаганида нишонланади. Рамазон ҳайити кунида мусулмонлар жамоаси имкон даражасида бирлашадилар. Бу муборак кунда такбир («Аллоҳу акбар») ва таҳлил(«Ла илаҳа иллаллоҳ»)ларни кўп айтишга ҳаракат қилиш керак. Рамазон ҳайити кунида Аллоҳ мусулмон бандага берган фазилатлар, рамазон ойида фақат Аллоҳ розилиги учун рўзадор ўтказилган кунлар ва ибодатда, бедорлик билан ўтган тунлар ҳақида тафаккур қилинади. Бир ой давомида рўзадор юрган мусулмон одамнинг рамазон ҳайити кунидаги хурсандчилиги янада юқори бўлади. Қилинган амалларнинг натижаси маълум миқдорда унга намоён бўлади. Рўзаси учун иккита ажрнинг бирини дунёда олаётгандек, иккинчиси уни охиратда кутиб тургандек бўлади.Рамазон ҳайити кунининг хурсандчиликлари кун аввалидаги икки ракатли, жамоат билан ўқиладиган ҳайит намозидан бошланади. Рамазон ҳайити намозининг ўқилиш вақти қуёш эрталабки чиқиш ўрнидан бир найза бўйи кўтарилгандан бошлаб, токи қоқ туш вақтигачадир (пешин намозининг вақти кирганидан кейин рамазон ҳайити намозини ўқиб бўлмайди). Рамазон ҳайити намози биринчи куни ўқилмай қолса, ҳайитнинг иккинчи кунида ўқилади.

Рамазон ҳайитида икки ракатли «ийд-ул-фитр» намозини ўқиш вожибдир. Киши зиммасида рамазон ҳайити намозининг вожиб ёки йўқлигини билиш учун жума намозидан мўлжал олиши мумкин: жума намозини ўқиши фарз бўлган одамлар учун рамазон ҳайити намозини ўқиш ҳам вожиб.

Рамазон ҳайити намозини ўқиш мусулмон одамга вожиб бўлиши учун жума намозининг шартлари бу намозда ҳам бўлиши керак. Икки жиҳатдан рамазон ҳайити намози жума намозига хилоф бўлади:
1. Рамазон ҳайити намозида хутба ўқилиши суннатдир. (Жума намозида эса хутба ўқилиши шарт қилинган.)
2. Рамазон ҳайити намозида хутба намоздан кейин ўқилади. (Жума намозида эса хутба намоздан олдин ўқилади.)
Шунингдек, рамазон ҳайити намозида хутбадан олдин имомнинг бироз миқдорда ўтириши макруҳ ҳисобланади. (Бу ўтириш жума намозининг хутбасида суннат эди.)

Рамазон ҳайити кунида ҳайит намозигача бирор ширинлик еб (имкони бўлса тоқ миқдорда хурмо ейилади), енгил тамадди қилиш суннатдир. Бу ишнинг ҳикмати кишининг рўза эмаслигини билдириши учундир. Рамазон ҳайити намозини ўқиш учун намозгоҳга чиқадиган одам олдиндан тишларни мисвок билан тозалаб, ғусл қилиб олиши суннат амаллардир. Рамазон ҳайитини ўқиш мақсадида масжидга чиқиб борувчи одам маҳфий ҳолда, ўзгаларга билдирмай такбир айтиши суннатдир. Намозгоҳга бир кўчадан бориб, бошқа кўчадан ортга қайтиш ҳам суннатдир. (Бу ишда ҳайитнинг файзини ва Аллоҳга айтиладиган тасбеҳларни атрофга кенгроқ ёйиш ҳикмати бор.) Ҳайит намозини ўқиш учун мусулмонлар бир жойга тўпланиб, елкама-елка, бирдамлик билан турадилар. Ҳайит намози ўқиладиган намозгоҳлар намоз ўқишга ҳозирлаб қўйилади.

Шунингдек, фитр садақасини бериб, хушбўй ҳидли моддалар сепиб, покиза, янги-охорли кийимлар кийиб, кейин рамазон ҳайити намозига бориш ҳам бу намознинг мустаҳабларидандир. Рамазон ҳайити намози ўқиладиган кунда, токи ҳайит намози ўқилгунча нафл намоз ўқиш макруҳдир.Рамазон ҳайити билан мусулмонларни табриклаш фақат ҳайит намози ўқилганидан кейин қилинади.

Рамазон ҳайити билан мусулмонларни табриклаш ҳайит намози ўқиб бўлинганидан кейин қилинади.

Рамазон ҳайити намози ҳозиргина ўқиб бўлинган намозгоҳда нафл намози ўқиш макруҳдир. Намоздан кейин ҳамма бир-бирини байрам билан қутлаб, бойлар камбағалларга икром кўрсатиб, ҳожатларини енгиллаштиради. Ҳайит кунларининг саодатли, байрам кайфиятида ўтишига эътибор берилади. Беморлар, ёши катта кексалар, аёллар ва болаларга байрам кайфиятини улашиш, ҳадялар бериш ҳам бу кунларнинг одобларидандир.