«Витр» ўзи луғатда «тоқ» маъносини билдиради. Истилоҳда "витр намози" дейилганда, хуфтон намозидан кейин, тунда ўқиладиган намоз тушунилади. Унинг бундай номланишига сабаб тоқ сонли ракатлар билан ўқилишидир. Витр намози учун азон айтилмайди, уни ўқишни инкор қилган одам гуноҳкор бўлади, аммо кофир бўлмайди.

Ҳанафий мазҳабига кўра витр намозини ўқиш вожибдир. "Вожиб"нинг мартабаси суннат (нафл) билан фарз ўртасида бўлиб, витр намози ҳақидаги далиллар фарздан кучсиз, суннатдан кучли бўлгани учун бу намоз вожиб, дейилган. Мазҳабимизда бу намоз уч ракатли бўлиб, унинг ҳамма ра­кат­ларида Фотиҳа сураси ва яна бир сура ўқиш вожиб­. Иккинчи ракатдан сўнг (қаъда ҳолида) ўтириш ҳам вожибдир.

Хорижа ибн ҳузофа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга чиқдилар ва: «Албатта, Аллоҳ таоло сизларга бир намозни зиёда қилди. У сизлар учун қизғиш туялардан ҳам яхшидир. У ҳам бўлса, витрдир. У зот сизларга уни хуфтондан то тонг отгунча қилди», дедилар». (Ҳадисни Абу Довуд, Термизий ва Ҳоким ривоят қилган)

Ҳадиснинг шарҳи: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, Аллоҳ таоло сизларга бир намозни зиёда қилди.» дейишлари ҳанафийларнинг "бу намоз вожиб" дейишларини қувватловчи далилдир.

Ўша вақтда қизғиш туялар арабларнинг энг обрўли моли бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «У сизлар учун қизғиш туялардан ҳам яхшидир», деганлари витр намозининг катта фазлга эга эканига ишорадир.

Шу билан биргаликда Ушбу ривоятдаги «У зот сизларга уни хуфтондан то тонг отгунча қилди», деган жумладан витр намозининг аввалги ва охирги вақтлари қачон эканлиги ҳам билиб олинади.

Ҳанафий мазҳаби бўйича, Витр намозида «Қунут» дуоси ўқилади. Дуонинг ўқилиши:

«Аллоҳумма! Иннаа настаъийнука ва настағфирука. Ва нуъминубика ва натаваккалу алайка. Ва нусний алайкал хойро куллаҳу. Нашкурука ва лаа накфурук. Ва нахлаъу ва натруку ман йафжурук. Аллоҳумма, иййаака наъбуду ва лака нусоллий ва насжуду ва илайка насъаа ва наҳфиду. Наржуу роҳматака ва нахшаа азаабака. Инна азаабака бил куффаари мулҳиқ»

Дуонинг маъноси:«Аллоҳим, албатта, биз Сендан ёрдам сўраймиз, Сенга истиғфор айтамиз. Ва Сенга иймон келтирамиз ва Сенга таваккал қиламиз. Ва Сенга шукр келтирамиз, куфр келтирмаймиз. Ким Сенга фожирлик қилса, уни ажратамиз ва тарк қиламиз. Аллоҳим, Сенгагина ибодат қиламиз, Сенгагина намоз ўқиймиз ва сажда қиламиз, Сенгагина интиламиз ва шошиламиз. Ва Сенинг раҳматингни умид қиламиз ва азобингдан қўрқамиз. Албатта, Сенинг ҳақ азобинг кофирларга етгувчидир»

Саҳобаи киромлар ушбу дуога иттифоқ қилганлар, бу дуо ҳазрати Умар ва у кишининг ўғиллари Абдуллоҳ ибн Умарнинг дуолари сифатида ҳам машҳур бўлган. Ким «Қунут» дуосини ўқимай рукуъга кетган бўлса, саҳв саждаси қилади. «Қунут» дуосини билмаган одам уни ёдлаб олгунча уч марта «Аллоҳуммағфир лии» деса ёки «Роббанаа аътина»ни ўқиб турса, бўлади. Унинг ҳар бир ракатида «Фотиҳа»ни ва бир сурани қироат қилади.

Витр намози жамоат билан эмас, балки алоҳида ўқилади. Витрни жамоат бўлиб ўқиш фақат рамазон ойида, таровеҳ намозлари вақтида бўлади. Таровеҳ намозида Витр жамоат билан ўқилганида муқтадий (эргашувчи) имомнинг ортидан «Қунут»ни ўқийди.