«Ғусл» сўзининг луғатдаги маъноси «бир нарсанинг устидан сув оқизиш»дир. Ислом шариатда Аллоҳ таолога яқинлик ниятида баданнинг ҳамма қисмига сувни оқизиб тозалаш «ғусл» дейилади. Инсон шариат белгилаган ҳолатларда тозаланиш учун ғусл қилиши шарт. Ғусл қилиши лозим бўлган одамнинг ғусл қилмасдан намоз ўқиши, Қуръон ушлаши ёки Қуръонни тиловат қилиши, масжидга кириши ва бошқа ибодатларни адо этиши мумкин эмас. Ҳаж ва умра учун эҳромга киришда, жума ва ҳайит намозларига чиқиш олдидан ғусл қилиш суннат амал бўлиб ҳисобланади.

Таҳорати йўқ одамга мумкин бўлмаган ҳамма амаллар ғусл қилиши керак бўлган одамга ҳам мумкин бўлмайди.

Ғусл вожиб бўлган кишига Қуръони Каримни хоҳ ёддан бўлсин, хоҳ қараб ўқиш ва масжидга кириш ҳам ҳаром ҳисобланади. Қироат қилмай кўз билан қараш ҳаром эмас. Овоз чиқармай, Қуръонни ушламай кўз югуртириб ўқиши, Қуръон эшитиши ҳаром эмас.

Ғуслнинг учта фарзи бор:
1) оғизни халқумгача ғарғара қилиб чайқаш;
2) бурунга маромига етказиб сув тортиб чайиш;
3) танадаги барча аъзоларига сув етказиб ишқалаб ювиш.

Ғусл қилинадиган ҳолатлар.
1) Жинсий аъзодан лаззат билан маний (эркак ва аёлнинг уруғлик суви) чиқса. Бунда инсон жунублик ҳолатига тушади ва ғусл қилиш вожиб бўлади;
2) Жинсий алоқа қилинса. Олат учининг олдинга ёки орқага (бу ҳаромдир) кириши маний тўкилмаса-да, иккала томонни жунуб қилиб қўяди ва уларга ғусл қилиш вожиб бўлади;
3) Уйқуда эканлигида кийимида булғаниш (эҳтилом) бўлса. Бунда инсон жунублик ҳолатига тушади ва ғусл қилиш вожиб бўлади;
4) Аёл киши ҳайздан кейин;
5) Аёл киши нифосдан кейин;
6) Аёл киши фарзанд кўриши (бунда қон чиқмаган ҳолатда ҳам ғусл вожиб бўлади);
6) Мусулмон киши ўлганида ҳам уни ғусл қилдирилади (шаҳидлар эмас);

Ғусл қилиш фарз бўлган ҳолатлар
— жунуб бўлганда покланиш учун қилинадиган ғусл;
— ҳайз ва нифос қони тўхтагандан сўнг қилинган ғусл;
— мусулмон маййитни ғусл қилдириш.

Ғусл қилиш суннат бўлган ҳолатлар
1) Жума намози учун ғусл қилиш суннат;
2) Рамазон ва Қурбон ҳайитлари намози учун ғусл қилиш суннат;
3) Ҳаж ва умра учун эҳромга кириш ниятида ғусл қилиш суннат;
4) Ҳаж пайтида Арафотда туриш учун ғусл қилиш суннат.

Ғусл қилиниши афзал бўлган ҳолатлар:
— Жинни бўлган одам тузалса, ҳушидан кетган одам ўзига келса, маст кишининг мастлиги кетса, ғусл қилиб олиши мустаҳабдир (эслатма: маст қилувчи моддалар ҳаромдир);
— шаъбон ойидаги Бароат кечасида, арафа кечасида, Қадр кечасида ғусл қилиб олиш мустаҳаб;
— одамлар жамоасига кирувчи, янги либос кийган киши, маййитни ювиб бўлган ғассол, бирор гуноҳидан тавба қилган инсон, сафардан қайтган одам, истиҳоза (касаллик) қони тўхтаган аёл, янги мусулмон бўлганларга ҳам ғусл қилиб олиш шаръий одоблардандир.
— Ҳажда қурбонлик кунининг субҳида Муздалифада турган киши, шайтонга тош отиш учун қурбонлик кунида Минога чиқадиган киши, Каъбаи Муаззамани зиёрат қиладиган киши, ой ёки қуёш тутилганда ва ёмғир талаб қилинганда ўқиладиган намозни ўқувчи намозхон, Мадинаи Мунавварага кирадиган кишига ҳам ғусл қилиш шариат одоби бўлиб ҳисобланади;

Одамнинг ғусл вақтида авратлари очилиши сабабли бошқанинг назари тушмайдиган ерда ювиниши керак. Аёллар ҳам бир-бирларига назарлари тушмайдиган ерда ғусл қилишлари керак (ғусл вақтида аёл ҳатто ўз онаси, синглиси ёки қизининг назаридан ҳам холи ерда чўмилади. Агар бунинг имкони бўлмаса, уларнинг олдида чўмилганда киндик остидан токи тиззаси остигача беркитиб олиши фарз). Таҳорат олишда макруҳ қилинган нарсалар ғусл қилишда ҳам макруҳ ҳисобланади.

1) Муносиб жойда, ғуслга яроқли сув билан турилади. "Бисмиллаҳ..." деб, кейин ғуслга ният қилинади:

«Навайту ан ағтасила ғуслан минал жанаабати, рофиъан лил-ҳадаси, ва истибааҳатан лис-солаати, ва тоҳааротан лил бадани, ва тақоррубан миналлоҳи таъаалаа. Аллоҳу акбар!»

Нопокликни кетказиш учун, намоз яхши бўлсин деб баданни поклаш учун ва Аллоҳга яқинлашиш учун жунубликдан ғусл қилишни ният қилдим.

نويت ان اغتسل غسلا من الجنابة، رافعًا للحدث،واستباحة للصلاة، وتقرّبًا من الله تعالى، الله اكبر


2) Иккала қўл ҳам бўғимлари билан ювилади;
3) Жинсий аъзолар ювилади;
4) Баданда нажосат (нопоклик) бўлса, улар ювиб кетказилади;
5) Таҳорат олинади (оқова сув тўпланиб қоладиган жойда турган бўлса, оёқлар кейин ювилади, чиқинди сув оқиб кетадиган жой бўлса, оёқлар ҳам ювилади);
6) Бош бўйин соҳаси билан биргаликда, уч марта сув етказиб ювилади (ҳамма ерга сув етишига эътибор бериш керак). Қулоқ супраси каби сув бориши қийин жойларга бармоқлар билан сув етказилади. Сочи ўрилган аёл киши бошнинг таги(соч илдизи)ни ювиши етарли. Соч ўрилмаган, ёзилган ҳолда бўлса, ҳаммаси ювилади;
7) Аввал ўнг елка, кейин чап елкадан сув қуйиб тананинг қолган қисмлари ювилади (ҳамма ерга сув етишига эътибор бериш керак). Киндик чуқурчаси каби сув бориши қийин жойларга бармоқлар билан сув етказилади. Ювиш уч марта такрорланади;
8) Оёқлар сув тупланган жойдан алоҳида ерда, уч марта ювилади.

Юқоридаги тартибда ғусл қилган одам чўмилишдан кейин алоҳида таҳорат қилиши шарт эмас. Қилинган ғусл сабабли у таҳоратли бўлиб ҳисобланади.