Намоз ўқиш олдидан кийимларни, намоз ўқиш жойларини ифлосликлардан тозалаш, баданни ғусл, таҳорат ёки таяммум кабилар билан поклаш намознинг асосий шартларидан ҳисобланади.

Аллоҳ таоло покланиш ва таҳорат ҳақида шундай марҳамат этади: Эй иймон келтирганлар! Намозга турсангиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари билан, бошларингизга масҳ тортиб, оёқларингизни тўпиқлари билан ювинглар. Агар жунуб бўлсангиз, покланинглар. Агар бемор ёки сафарда бўлсангиз, ёхуд сиздан бирингиз ҳожатдан келса ёхуд аёлларга яқинлашган бўлсангизу, сув топа олмасангиз, покиза тупроқ билан таяммум қилинг. Ундан юзларингизга ва қўлларингизга масҳ тортинг. Аллоҳ сизларга қийинчилик туғдиришни истамайди, аммо сизларни поклашни ва сизларга Ўз неъматини батамом қилиб беришни ирода қилади. Шоядки, шукр қилсангизлар. (Моида сураси, б-оят)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда таҳоратнинг фазилати ҳақида шундай марҳамат қилинади: Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким таҳорат олсаю таҳоратини чиройли қилса, унинг хатолари жасадидан, ҳатто тирноқлари остидан ҳам чиқиб кетади», дедилар». (Ҳадисни Имом Муслим ривоят қилган)

Таҳоратни араблар «вудуъ» дейишади, ўзбекчада «покланиш, тозаланиш, озодалик» маъноларини билдиради. Шариатда эса намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш ва бошқа ибодатлар олдидан муайян аъзоларни сув билан ювиб тозалаш «таҳорат» дейилади. Таҳорат Қуръони Карим ва суннат билан буюрилган. Юзни тўла, икки қўлни тирсаклари билан, оёқларни тўпиғи билан ювиш ва бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиш таҳоратнинг фарзларидир. Таҳорат учун сув топилмаса ёки сув ишлатишнинг иложи бўлмаса, ўрнига таяммум қилинади.

Таҳоратнинг фарзлари тўртта:
1. Юзни бир марта ювиш. «Ювиш» дегани сув тегиши лозим бўлган ўринлардан сув оқизишдир (аъзоларни ювмасдан, масалан қорни ишқалаб намлаш билан, намланган сочиқ билан артиниш билан таҳорат ҳосил бўлмайди). Юзнинг чегараси узунасига соч чиққан жойдан жағнинг остигача, кенглиги эса икки қулоқ юмшоғининг орасигача бўлган ўриндир. Соқол қалин бўлиб, остидаги тери кўринмайдиган даражада бўлса, юз қисмидаги соқолнинг устини ювиш фарздир. Аммо соқол сийрак ва юзни беркитмайдиган бўлса, унда сувни соқолнинг остига етказиш вожиб бўлади.
2. Икки қўлни тирсаклари билан қўшиб бир марта ювиш.
3. Бошнинг тўртдан бирига бир марта масҳ тортиш.
4. Икки оёқни ҳам ошиғи билан қўшиб бир марта ювиш. Оёқнинг ошиғи кадамдан юқорида, тўпиқдан пастдаги бўртиб кўриниб турган суякдир.

Таҳорат қиладиган киши агар тирноқлари узун бўлса, унинг остига сув етказиши ва яна кўзи атрофига йиғилиб қоладиган кирларни олиб, остига сув теккизиши ҳам шартдир. Сув етказишда қўлни ҳўллаб, теккизиб қўйиш кифоя қилмайди, балки ўша жойдан сув оқизиш шарт.

Таҳоратнинг суннатлари
1. Таҳоратни «Бисмиллаҳ...» билан бошлаш.
2. Таҳорат қилишга ёки ҳадасни ўзидан кетказишга ният қилиш.
3. Таҳоратни бошлашдан аввал икки қўлни бўғимигача уч марта ювиб олиш.
4. Таҳоратни мисвок ишлатиш билан бошлаш.
5. Сув билан оғизни ғарғара қилиш (бу «мазмаза» деб ҳам юритилади).
6. Бурунга ҳам уч марта сув олиб қоқиш (бу «истиншоқ ва истинсор» ҳам дейилади).
7. Оғиз билан бурунга сувни яхшилаб, ҳатто мия ачишгунча олиш ҳам суннатдир. Лекин рўзадор одамнинг рўзаси очилиш эҳтимоли борлиги учун бурунга мия ачишгунча ва оғизга ҳам томокдан ўтай дегунча сув олиш макруҳ ҳисобланади.
8. Ювиш талаб қилинган ҳар бир аъзони уч мартадан ювиш.
9. Соқол қалин ва юзни беркитадиган даражада бўлса, пастидан юқорига ҳилол қилиш ҳам суннатдир. Бу юзни уч марта ювгандан сўнг бажарилади.
10. Қўл ва оёқ бармоқлари орасига ҳилол қилиш (сув киргизиш).
11. Бошнинг ҳаммасига масҳ тортиш.
12. Икки қулоққа ҳам бошга масҳ тортгандаги нам қўл билан масҳ тортиш.
13. Ювиш талаб қилинган ўринларни сув билан ишқалаш.
14. Таҳорат амаллари орасига бошқа иш аралаштирмай, уларни пайдар-пай бажариш. Бунда бир аъзо қуриб қолмасдан туриб иккинчиси ювилади.
15. Ояти каримадаги тартиб каби таҳорат қилиш, яъни, қўлдан олдин юзни, бошга масҳ тортишдан олдин қўлни, оёқни ювишдан олдин бошга масҳ тортишни бажариш ҳам суннатдир.
16. Қўл ва оёқларни ўнгидан бошлаб ювиш.
17. Бўйинга масҳ тортиш ҳам суннатдир. Халқумга масҳ тортиш суннат эмас, балки бидъатдир.

Таҳоратни қай тартибда қилишни Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом биз умматларга ўргатганлар. «Алий каррамаллоҳу важҳаҳу: «Эй Ибн Аббос, сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қай тарзда таҳорат қилганларини кўрсатайми?» деди. Ибн Аббос: «Майли», деди. Шунда у идишни қўлига қийшайтириб, уни ювди. Кейин ўнг қўлини киргизиб, ундаги сувни наригисига қуйиб икки кафтини ювди. Сўнгра мазмаза ва истинсор қилди (яъни оғзи-бурнига сув олиб ювди). Кейин иккала қўлини идишга солди-да, бир ҳовуч сув олиб, юзига ишқалади. Сўнг икки бош бармоғини қулоқ атрофларига айлантирди. Кейин иккинчи бор, кейин учинчи бор худди шундай қилди. Сўнг ўнг кафтида бир ҳовуч сув олиб, пешонасига қуйди-да, уни юзидан оқиб тушишига қўйиб берди. Кейин билакларини тирсакларигача уч марта ювди. Сўнгра боши ва қулоқлари устига масҳ тортди. Кейин иккала қўлини киргизиб бир ҳовуч сув олди. У билан оёғига урди ва уни ювди. Бу барча қисмига сув етиши учун бўлди. Кейинги оёғини ҳам шундай қилди» (Имом АбуДовуд ва бошқалар ривоят қилган.)

Таҳоратнинг одоблари
1. Ердан юқорироқ ўринга ўтириб таҳорат олиш.
2. Таҳорат пайтида қиблага юзланган бўлиш.
3. Аъзоларни ювишда бошқа кишидан ёрдам сўрамаслик, лекин ожизлиги ва касаллиги сабабли ёрдам сўраса бўлади.
4. Мубоҳ сўзларни тарк қилиш.
5. Оғизга ўнг қўл билан сув олиш. Бурунга ҳам ўнг қўл билан сув олиб, чап қўл билан қоқади.
6. Ювиш фарз бўлган аъзоларнинг белгиланган жойидан кўпроғини ювиб, ҳадисда келганидек, қиёматдаги нур ва қашқани кўпайтириш.
7. Кенгроқ узукни таҳорат вақтида ҳаракатлантириб қўйиш ҳам одобдир, аммо узук тор бўлса, унинг остига сув тегиши учун ҳаракатлантириш шарт бўлади.
8. Таҳоратдан сўнг қиблага юзланиб тик турган ҳолатда шаҳодат калималарини ва маъсур дуоларни ўқиш. «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу, лаа шарийка лаҳу, ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росуулуҳу. Аллоҳуммажъалний минат-тавваабийна важъалний минал-мутатоҳҳирийн». Маъноси: «Гувоҳлик бераман, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ У ёлғиздир, Унинг шериги йўқ ва гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Унинг бандаси ва элчисидир. Аллоҳим, мени тавба қилувчилардан ва покланувчилардан қил». (Имом Муслим, Термизий ва Байҳақий ривоят қилган.)
9. Макруҳ вактлар бўлмаса, таҳоратдан сўнг икки ракат намоз ўқиб қўйиш ҳам одобдандир.

1. Ювилиши фарз бўлган ҳар бир аъзони қолдирмай ювиш. 2. Аъзоларга сув етишидан тўсадиган нарсалар бўлмаслиги. Сувдан тўсадиган нарсалар: хамир, мум, тирноқларига кўйиладиган лак ва шу кабилар. 3. Таҳоратга киришишдан олдин таҳоратга тўсқинлик қилувчи ҳар қандай нопокликлардан ҳоли бўлиш. Пешоб томаётган вақтда, бурун қонаётганда уларни тўхтатмасдан қилинган таҳорат дуруст бўлмайди, чунки улар (бавл ва қон) таҳоратга тўсқинлик қилувчи нопокликлардандир. Лекин бурни доим тўхтамай қонайдиган, пешоби ҳам тўхтамай томиб турадиган кишининг таҳорати ва намози узр сабабидан дуруст бўлади. Факат шу шарт биланки, узрли одам ҳар бир намознинг вақти учун алоҳида таҳорат қилади.

Шариат истилоҳида икки хил таҳорат мавжуд. 1. Баданнинг ўзини ҳадасдан (яъни бетаҳоратликдан) поклаш - бу махсус аъзоларни ювиб таҳорат қилиш билан (ёки бутун баданни ювиб ғусл қилиш билан) бўлади. Сув топилмай қолган пайтда ёки истеъмолидан ожиз бўлган вақтда таяммум ғусл ва таҳоратнинг ўрнига ўтади. 2. Кийимдаги, бадандаги ва макондаги нажосатдан покланиш.

Таҳорат фарз, вожиб ёки тавсия қилинганлигига кўра уч қисмга бўлинади:
1. Фарз - таҳоратсиз киши агар намоз ўқимоқчи бўлса (у хоҳ нафл, хоҳ жаноза намози бўлсин, барибир); тиловат саждаси қилмокчи бўлсин ёки Мусҳафни ушламоқчи бўлсин, унга таҳорат қилиш фарз бўлади.
2. Вожиб — Каъбаи муаззамани тавоф қилмоқчи бўлган таҳоратсиз кишига таҳорат килиш вожибдир.
3. Мандуб, яъни тавсия қилинган таҳорат - таҳоратсиз кишининг уйқудан олдин, уйғонгандан кейин таҳорат олиши; таҳоратли кишининг устига яна таҳорат олиши; ғийбат, чақимчилик, ёмон сўзлардан, ҳар бир хатодан сўнг, маййитни ювгандан кейин, яна ҳар намозга алоҳида таҳорат олиш; жунуб кишининг ғусл қилишдан олдин, овкатланишдан, ичимлик ичишдан, ухлашдан, яна бир бор эр-хотинлик қилишдан олдин таҳорат олиши; ғазаб келганда таҳорат қилиш; Қуръон қироат қилиш, ҳадис ўқиш, шаръий илмлардан дарс қилиш, азон ва иқомат айтиш, хутба ўқиш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилиш, Арафот тоғида туриш, Саро вз Марвани саъй қилиш учун қилинган таҳорат мандуб ҳисобланади. Туя гўштини егандан сўнг таҳорат олиш ҳам мандубдир. Уламоларга мухолиф бўлмаслик учун ҳам таҳорат олиш одобдир. Мисол учун, аёл кишини ушлаш билан имом Шофеъий наздларида таҳорат синади, худди шунингдек, кафтининг ичи билан ўз авратини ушласа ҳам. Бизнинг мазҳабимизда бу кўринишда таҳорат синмаса ҳам яна қайта олиш одобдандир. Чунки ҳамма уламоларнинг иттифоқига кўра қилинган ибодат афзал бўлади.

Қуйидаги ишлар таҳоратда макруҳи танзиҳий ҳисобланади: 1. Сувни исроф қилиш. 2. Сувни ўта кам ишлатиш. 3. Сувни юзга зарб билан шапиллатиб уриш. 4. Рўзадор одамнинг бурнига ва оғзига сувни қаттиқ тортиши ҳам макруҳдир. Чунки бунда рўзанинг очилиб кетиш хавфи бор. 5. Нажосатли жойларда таҳорат олиш. 6. Таҳорат асносида заруратсиз гаплашиш. 7. Бурун ва оғизга сув олиш ҳамда ниятга ўхшаган таъкидланган суннатларни тарк қилиш ҳам макруҳдир.

Қуйидаги ҳолатларда таҳорат синади:
1. Кишининг орқа ва олди нажосат йўлидан чиқадиган ҳар қандай нарса таҳоратни синдиради. Улар хоҳ бавл, хоҳ ел бўлсин, хоҳ нажосат, хоҳ қурт бўлсин, фарқи йўқ. Яна шу икки йўлдан бирига бармоқнинг киришлиги ёки орқага ҳуқна (клизма) қилиб чиқариб ташлаш билан ҳам таҳорат синади.
2. Баданнинг қайси бир жойидан қон ёки йиринг чиқсаю, тоза жойга ёйилса ҳам, таҳорат бузилади.
3. Оғизни тўлдириб қайт қилиш билан ҳам таҳорат синади. Инсон қайт қилганда оғзи тўлиб гапира олмай қолса ёки оғзини беркита олмаса, шу ҳолат оғзи тўлиб қайт қилганга киради.
4. Ёки инсон қон қайт қилсаю, тупугига қоннинг ранги ғолиб бўлиб қизарса, синади. Аммо тупугининг ранги сарғайса, синмайди.
5. Ёнбошлаб ёки бирор нарсага нарсага суяниб ухласа ва уйқуси шу суянилган нарсани олиб қўйилганда йиқиладиган даражада бўлса, таҳорати синади.
6. Маст бўлиш, ҳушидан кетиш, жинни бўлиш ёки тутқаноқ билан таҳорат синади.
7. Эр хотинини яланғоч ҳолда қучоқлаши таҳоратни синдиради.
8. Фиқҳий мазҳабимизга кўра рукуъ ва саждаси бор намозда балоғатга етган эркак ёки аёлнинг яқин турган одамлар эшитадиган даражада кулиши таҳоратини синдиради.

Кўз ёши (оғриқ ва беморлик туфайли бўлмаса), буруннинг суви, бадандан чиққан тер, она сути кабилар таҳоратни бузмайди. Чивин ёки бурганинг танадан қонни сўриб олиши билан таҳорат синмайди. Мушак остига қилинган уколда қон чиқмаса, таҳорат синмайди.